Аҳоли мурожаати эътиборсиз қолмади
Аҳоли мурожаатларини тинглаш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш — халқ билан очиқ мулоқотнинг муҳим мезони. Янгиер шаҳрида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Унда фуқароларнинг турли масалалар бўйича мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Қабул давомида жами 160 та мурожаат қайд этилди. Шундан 90 таси Янгиер шаҳри, 40 таси Ховос тумани, 30 таси эса бошқа ҳудудларда яшовчи фуқаролар ҳиссасига тўғри келди.

Мурожаатларнинг асосий қисми аҳолининг кундалик ҳаёти ва ижтимоий фаровонлиги билан боғлиқ масалаларга тааллуқли бўлди. Хусусан, соғлиқни сақлаш, уй-жой, ер ва кадастр, бандлик, моддий ва ижтимоий ёрдам, ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.

Шунингдек, ички йўлларни таъмирлаш ва асфалтлаш, кўчаларни ёритиш, ичимлик суви, газ ва электр таъминоти, оқова тизими ҳамда чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари билан боғлиқ муаммолар ҳам кўтарилди. Кредит ажратиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, иш билан таъминлаш, таълим ва спорт соҳаларига оид масалалар илгари сурилди.

Ҳар бир мурожаат ўрганилиб, тегишли мутасадди ва ташкилотларга йўналтирилди. Масалаларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Мурожаатнинг аҳамияти унинг қайд этилганида эмас, балки амалий натижа билан якунланганида намоён бўлади. Буни Ховос туманидаги Карвонсарой маҳалласи аҳолисининг чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш бўйича билдирган мурожаати мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоят ҳокими раҳбарлигида Карвонсарой маҳалласида ўтказилган учрашувда аҳоли томонидан маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш масаласи кўтарилган эди. Мурожаат ўрганилиб, уни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Бугунги кунда Карвонсарой, Ховособод ва Еттигузар маҳаллаларида чиқинди йиғиш ва олиб чиқишнинг янги тартиби йўлга қўйилди. Маҳаллаларга махсус электр мотоуловлар бириктирилиб, улар хонадонлар ва тор кўчалардан маиший чиқиндиларни йиғиш ишларини бошлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, аҳоли томонидан билдирилган таклиф қоғозда қолиб кетмади. Мурожаат асосида маҳаллалар шароитига мос амалий ечим ишга туширилди.
Зеро, халқ билан мулоқотнинг ҳақиқий натижаси мурожаатнинг қабул қилинганида эмас, балки унинг ортидан амалий ўзгариш юзага келганида намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири