Янги ўқув йилига тайёргарлик қизғин
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида 2026/2027 ўқув йилини муносиб кутиб олиш, таълим муассасаларида ўқувчилар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш борасида тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Янги ўқув йили арафасида мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, синф хоналари ва фан кабинетларини жиҳозлаш, кутубхона ва спорт залларини тартибга келтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ўқув хоналарида жорий таъмирлаш ишлари бажарилиб, санитария-гигиена талабларига риоя этиш, мактаб ҳудудларининг озодалиги ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
[gallery-30853]
Вилоятда инклюзив таълимни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 189 та умумтаълим мактабида 330 та инклюзив синф фаолият юритиб, уларда 424 нафар алоҳида таълим эҳтиёжига эга ўқувчи таҳсил олмоқда.
Бухоро шаҳридаги 23-сонли умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида синф хоналари ва фан кабинетларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мактаб ҳудуди ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди.
Таълим муассасасида ўқувчилар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, санитария-гигиена талабларига риоя қилиш ҳамда ўқув жараёнини самарали ташкил этишга зарур шароитлар ҳозирланмоқда.
Вилоятдаги давлат умумтаълим мактаблари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасаларида ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА