Ўзбекистон – Жанубий Корея: қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар ва замонавий техникалар
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда фермерлар учун замонавий агрохизматларни ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
KOAMI, Jeonbuk Technopark ва TYM компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашувларда чорвачиликни рақамлаштириш ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
2028-2030 йилларда Тошкент вилоятида “Ақлли чорвачилик” маркази ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу марказда сунъий интеллект асосида мониторинг, автоматик бошқарув, аниқ озиқлантириш ва рақамли кузатув тизимлари жорий этилади. Шунингдек, 300 нафар мутахассисни Жанубий Кореяда ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш кўзда тутилган.
TYM компанияси билан ҳамкорликда метанда ишловчи тракторларни синовдан ўтказиш ва уларни агрохизматларда қўллаш бўйича лойиҳа бошланди. Дастлаб 37 дона трактор “Республика агрохизматлар”га тақдим этилиб, уларнинг самарадорлиги икки йил давомида ўрганилади. Синов натижаларига кўра, ушбу техникаларни Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқариш имконияти ҳам кўриб чиқилади. Мазкур лойиҳалар қишлоқ хўжалигида рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА