Жиззах экспортида янги марралар
Жиззах вилоятида экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар улушини кенгайтириш ва бу йўналишдаги мавжуд муаммоларга тизимли ечим топиш масалаларига бағишланган йиғилишда соҳанинг бугунги ҳолати ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Иброҳим Эргашев бошчилигидаги ишчи гуруҳ иштирокида ўтган мулоқотда экспорт ҳажмини кўпайтиришнинг амалий механизмлари, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги ташқи бозорларни эгаллаш имкониятлари атрофлича таҳлил этилди.
Таҳлиллар, айниқса, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида ҳали ишга солинмаган имкониятлар борлигини кўрсатди. Шу боис аниқланган камчиликларни бартараф этиш, масъул раҳбарларнинг бу борадаги ишларини жадаллаштириш ва белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг 9 ойи якунига қадар белгиланган экспорт режаларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига ҳам алоҳида урғу берилди. Бунда ҳар бир ҳудуд ва масъул раҳбарнинг вазифага шахсий масъулиятини ошириш муҳим экани таъкидланди.
Экспорт кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайган корхоналар фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан бўлди. Мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чораларни белгилаш мақсадида вилоятнинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси масъулларга юклатилди.

Йиғилишда саноат тармоғидаги экспорт имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Экспорт салоҳияти юқори бўлган корхоналарни аниқлаш, уларни ташқи бозорларга йўналтириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро кўргазма ва ярмаркалардаги иштирокини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масаласи ҳам эътибор марказида бўлди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали 2026 йилда асосий ва такрорий экин майдонларида етиштириладиган маҳсулотларни тизимли равишда экспортга йўналтириш чоралари келишиб олинди.

Экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария сертификатларини белгиланган муддатларда расмийлаштиришни таъминлаш зарурлиги ҳам алоҳида қайд этилди. Зеро, ташқи бозорга чиқарилаётган ҳар бир маҳсулотнинг ўз вақтида ва белгиланган талаблар асосида ҳужжатлаштирилиши экспорт жараёнининг муҳим бўғини ҳисобланади.
Вилоят экспорт таркибида етакчи ўрин тутадиган тўқимачилик саноатининг имкониятларини кенгайтириш эса устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу йўналишда корхоналарнинг экспорт ҳажмини ошириш билан бир қаторда, маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги қамровини кенгайтириш, яъни экспорт географиясини янада бойитиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида масъул раҳбарларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, экспорт кўрсаткичларини изчил ошириш ҳамда ижро интизомини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Белгиланган вазифаларнинг мазмуни бир мақсадга Жиззахнинг мавжуд экспорт имкониятларини аниқ натижага айлантириш, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ва вилоят экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири