Аҳоли муаммоларига ечим изланди
Сайхунобод туманининг Иттифоқ маҳалласида туман Кенгаши депутати, туман ҳокими Комилжон Муллажанов иштирокида сайловчилар билан навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда фуқаролардан келиб тушган 37 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 11 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
36-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган учрашувда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Мулоқотдан кўзланган асосий мақсад аҳолини қийнаётган муаммоларни бевосита эшитиш, уларни жойида ўрганиш ва тезкор ечим топишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида фуқаролар уй-жой таъминоти, ичимлик суви, электр энергияси, йўл инфратузилмаси, бандлик, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар сифати ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаат ва таклифларини билдирди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Айниқса, 11 та мурожаатнинг шу жойнинг ўзида ҳал этилгани аҳоли муаммоларига тезкор ва амалий ёндашувнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Қолган мурожаатлар бўйича ҳам масъулларга ижро муддатлари белгиланиб, уларнинг бажарилиши юзасидан доимий назорат ўрнатилди.

— Биз бу каби очиқ мулоқотларни шунчаки расмиятчилик учун эмас, аҳолининг дарду ташвишларини эшитиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш, ҳар бир мурожаатга ечим топиш ва фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил этяпмиз. Ҳар бир мурожаат эътиборимиз марказида бўлади. Чунки ҳар бир масала ортида инсон манфаати ва тақдири мужассам. Муаммони эшитишнинг ўзи кифоя эмас, унга амалий ечим топиш ва натижага эришиш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир, — деди туман ҳокими Комилжон Муллажонов.

Таъкидланганидек, аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда ҳар бир масалага қонуний ва адолатли ечим топиш давлат органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаати ва эртанги кунга бўлган ишонч мужассам.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири