Аҳоли бандлиги: журналистлар учун медиа-тур
Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган медиа-тур ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимлигининг масъул раҳбарлари, тегишли соҳа вакиллари ҳамда республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Медиа-тур иштирокчилари дастлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йили замонавий усулда қуриб битказилган “Бўзатов” санаторийсида бўлиб, у ерда дам олувчилар учун яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишишди.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугун туманда жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи энг замонавий 200 ўринли “Бўзатов” санаторийси фаолият юритмоқда.
[gallery-29683]
Тиббиёт ускуналари, қулай мебеллар билан жиҳозланган санаторийда даволаш муолажалари табиий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган холда амалга оширилмоқда. Санаторий овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, урологик ва гинекологик, неврологик, эндокринологик, шу жумладан, қандли диабетга чалинган беморларни соғломлаштириш йўналишида иш олиб боради.
Шунингдек, иштирокчилар “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Қ.Кеўлимжаевнинг хонадонида йўлга қўйилган қўйчилик лойиҳаси, ушбу шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.Жолдасбаевага томорқасида картошка етиштириш ва паррандачилик лойиҳаси, “Қусханатау” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Р.Хожаниязов хонадонида намунали томорқа лойиҳаси билан ҳам танишди.
Тадбир якунида туманда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Бўзатов туманида 2026 йилда жами 2 минг 340 та, шундан январь-апрель ойлари давомида 524 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилиб, амалда 914 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Бугунги кунда туман ҳудудида меҳнатга яроқли аҳоли сони 11 минг 851 нафар бўлиб, шундан банд фуқаролар сони 7 минг 490 нафарни ва ишсизлар сони 428 нафарни ташкил этади. 2026 йилнинг январь-апрель ойлари давомида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига иш сўраб мурожаат қилган 161 нафар фуқародан 118 нафари доимий ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилди, 43 нафарига касбга қайта ўқитиш учун ваучерлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 октябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туман ҳудудидаги 335 та камбағал оила рўйхати шакллантирилиб, республика ва туман муассасаларининг 67 нафар раҳбарга бириктирилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида оилаларга доимий бандлик ва юқори даромад топишга эришиш, таълим олиш ва касб-ҳунарга ўргатиш, кафолатланган давлат тиббий ҳамда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, яшаш шароитларини яхшилаш, давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот каби еттита йўналиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.