Адолат ва шаффофлик сари муҳим қадам
Бугунги кунда мамлакатимизда солиқ тизимида шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Навоий вилоят солиқ бошқармаси масъул ходими Муҳаммад Абдуллаев тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
- Юртимизда солиқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётда очиқлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, солиқ базасини товарларнинг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартибининг жорий этилиши бу борадаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майда қабул қилинган “Солиқ базасини товарларнинг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш орқали тенг рақобат муҳитини яратиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Солиқ базасини айрим товарларнинг бозор нархидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ кўчмас мулк объектлари ҳамда ёғоч маҳсулотлари бўйича солиқ базасини бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш тартибини назарда тутади.
Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида 2026 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк объектлари ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базасини бозор баҳоси асосида аниқлаш тартиби жорий этилди. Бу эса иқтисодиётда яширин айланмаларни қисқартириш ва бозор муносабатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янги Низомга кўра, солиқ органлари томонидан қўлланиладиган бозор нархи эркин бозорда мустақил томонлар ўртасида шаклланган нарх сифатида эътироф этилади. Агар солиқ тўловчи томонидан ҳисоб ҳужжатларида кўрсатилган нарх бозор нархидан 20 фоиздан ортиқ паст ёки юқори бўлса, ушбу ҳолат солиқ органлари томонидан таҳлил қилинади.
Бунда солиқ базасини аниқлаш учун “таққосланадиган бозор нархлари усули” қўлланилади. Ушбу усулда айнан ўхшаш ёки бир хил турдаги товарларнинг бозордаги сотиш ва харид қилиш нархлари қиёсланади. Шу билан бирга, шартномада товар етказиб беришнинг ўзига хос хусусиятлари, ҳудудий омиллар ва бошқа муҳим маълумотлар ҳам инобатга олинади.
Солиқ органлари бозор нархларини белгилашда кенг қамровли ахборот манбаларидан фойдаланади. Жумладан, нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, божхона қиймати маълумотлари, биржа котировкалари, аукцион ва давлат харидлари платформалари, сотувчиларнинг нархномалари, оммавий ахборот воситалари ва интернет ресурслари, тижорат банкларининг қайта баҳолаш маълумотлари ва баҳолаш ташкилотлари хулосалари шулар жумласидандир.
Мазкур тартибнинг асосий мақсади - товарларни сунъий равишда арзон нархларда расмийлаштириш орқали солиқ мажбуриятларини камайтириш ҳолатларининг олдини олишдан иборат. Эндиликда, агар товарнинг сотиш нархи бозор нархидан пастлиги аниқланса, бозор нархи билан сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ солиқ базасига қўшилади. Шунингдек, товар харид қилиш нархи бозор нархидан юқори кўрсатилган тақдирда, қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобларига ҳам тегишли тузатишлар киритилади.
Сўнгги йилларда солиқ тизимида рақамлаштириш жараёнлари ҳам жадал кечмоқда. Электрон ҳисоб-фактуралар, онлайн назорат-касса техникаси, автоматлаштирилган таҳлил платформалари каби замонавий ечимлар солиқ маъмурчилигини янги босқичга олиб чиқди. Янги Низомнинг айнан рақамли таҳлил ва маълумотлар базасига таянган ҳолда ишлаши эса инсон омилини қисқартириш ва назорат самарадорлигини ошириш имконини беради.
Солиқ базасини бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартибининг жорий этилиши мамлакатимизда адолатли ва замонавий солиқ тизимини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.