Адолат сари дадил қадам: озиқ-овқат хавфсизлиги ва чорвачилик бўйича йиғилиш якунлари ҳақида ўйлар
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган йиғилиш жорий йилнинг аграр соҳа кун тартибидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди.
Парламент депутати сифатида мен учун ушбу йиғилиш якунлари алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, улар бош вазифамиз – ҳар бир фуқаронинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини қонунчилик жиҳатидан тенг таъминлаш масаласининг туб моҳиятига бевосита дахлдордир.
Биз озиқ-овқат хавфсизлиги бир томондан иқтисодий масала бўлса, иккинчи томондан ижтимоий адолат мезонидир, деган позицияни ҳимоя қилиб келамиз. Сифатли ва хилма-хил озиқ-овқат маҳсулотларининг мавжудлиги жамиятнинг айрим қатламлари учунгина имтиёз бўлиши мумкин эмас. Бу шаҳар, олис қишлоқ аҳолиси, ёш фермер, кичик томорқага эга кекса деҳқон, хуллас, ҳар мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг асосий ҳуқуқидир.

Шу боис ҳам депутатлар учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур йиғилишда белгилаб берган йўналишлари принципиал аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш миллий хавфсизлик масаласи эканини яна бир бор таъкидлади.
Ўзбекистонда озиқ-овқат таъминотини барқарорлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича кенг имкониятлар яратилган. 4 миллион гектар экин майдони, 1,5 миллион тонна сиғимга эга сақлаш омборлари ва 3,5 миллион тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватлари аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, 4 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини бермоқда. Республикамиз 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш ва экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни мақсад қилган. Бунга эришиш учун озиқ-овқат хавфсизлиги тизими халқаро стандартларга тўлиқ мос келиши лозим.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг асосий натижаларидан бири агросаноат мажмуасини бошқаришда маъмурий-буйруқбозликка асосланган моделидан воз кечилиб, давлатнинг фаол иштирокидаги бозор механизмларига ўтилаётгани бўлди.
Бугунги кунда фермер юқоридан кўрсатма эмас, балки субсидиялар, имтиёзли кредит, ҳосилни суғурталаш, транспорт харажатларини қоплаш каби реал кўмак воситаларини олмоқда. Хусусий ташаббус учун шароитлар яратилиб, кластер моделлари жорий этилмоқда, рақамли аграр инфратузилма ривожланмоқда. Биз ўз дастурий ҳужжатларимизда ҳам айнан шу моделни илгари сурамиз. Яъни, давлат аввалгидек ишлаб чиқарувчига тазйиқ ўтказмай, аксинча, унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароит яратади.
Деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Оиласи ва қўшниларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайдиган, қишлоқ меҳнати анъаналарини асраб-авайлайдиган ва барча учун таянч бўлган кичик ишлаб чиқарувчи давлат ҳимоясига муҳтождир. Бу масала Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қабул қилинаётган стратегик қарорларда ўз аксини топмоқда.
Йиғилишда катта эътибор қаратилган чорвачилик мавзуси алоҳида таҳлилни талаб этади. Тан олиш керак, бу соҳа узоқ йиллар давомида аграр секторимизнинг заиф бўғини бўлиб келган. Озуқа базасининг заифлиги, наслчилик ишларининг замон талабларига мос келмаслиги, ветеринария хизматларининг етишмовчилиги, замонавий қайта ишлаш қувватларининг камлиги ҳам истеъмол бозорининг, ҳам қишлоқ хўжаликлари даромадларининг ўсишига тўсқинлик қилиб келган.
Бугун бу соҳада тизимли ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, замонавий чорвачилик комплекслари ва наслчилик марказлари ташкил этилмоқда, юқори маҳсулдор зотли чорва моллари импорт қилинмоқда, озуқабоп экинлар майдонлари кенгайтирилиб, илгари бўш ётган тоғолди яйловлари ўзлаштирилмоқда. Паррандачилик, қўйчилик, эчкичилик, балиқчилик ривожланмоқда. Бир сўз билан айтганда, тўлақонли тармоқ экотизими шакллантирилмоқда.
Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун катта имконият бор. Мамлакатимизда 16 миллион гектар яйлов мавжуд, бироқ бу салоҳиятнинг атиги 10 фоизидан фойдаланилмоқда. Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. У Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида фаолият бошлайди.
Янги агентлик олдига қорамоллар сонини 16,5 миллионтага, қўй ва эчкилар сонини 30 миллионтага, паррандалар сонини 141 миллионтага етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, гўшт ва сутни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга, наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш, озуқабоп экин майдонларини эса 1,5 баробар кўпайтириш режалаштирилмоқда.
Озуқа базасини кенгайтириш ва наслчиликни яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятдан 1 тадан туман чорвачиликка ихтисослаштирилади. Бу туманларда пахта ва ғалла ерларининг 50 фоизида озуқа экинлари экишга рухсат берилиб, бунинг учун йиллик 10 фоизли ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади. Барча фермер хўжаликларига ижарага олинган ерларининг 20 сотихида ортиқча бюрократиясиз енгил конструкцияли иншоотлар, озуқа омборлари ва силос ўралари қуришга рухсат этилади. Йил охиригача камида 10 гектар ери бўлган 28 746 та фермер хўжалигида 2 миллион бош йирик шохли қорамол боқишни ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Чорвачиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланди. Хусусан, 1 июндан тижорат банклари 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга йиллик 10 фоизли ставкада кредитлар ажратади. Наслли чорва импорт қилувчилар 2029 йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Банкларга йиллик 6 фоиз ставкада 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ресурс жойлаштирилади. Ушбу ресурслар ҳисобидан жорий йилда 5,5 триллион сўмлик 1,5 мингта лойиҳани ишга тушириш, 25 мингта иш ўрни яратиш ва қорамоллар сонини 400 мингтага ошириш режалаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш ва наслли чорвани кўпайтириш бўйича ҳам янги дастур бошланади. 1 июндан етакчи аграр олийгоҳларда сунъий уруғлантириш бўйича 10 кунлик ўқув курслари ташкил этилади. Ҳар йили камида 1 минг мутахассис тайёрланиб, улар зарур ускуналар билан бепул таъминланади.
Хонадонларда сунъий уруғлантирилган ҳар бир наслдор бузоқ учун 500 минг сўмдан ҳамда эмбрионларни кўчириб ўтказилганда 700 минг сўмдан субсидия тўланади. Бу мақсадлар учун қўшимча 50 миллиард сўм ажратилади.
Ушбу ислоҳотларнинг ижтимоий самараси принципиал аҳамиятга эга. Боиси, чорвачилик миллионлаб қишлоқ оилаларининг даромад манбаидир. Тармоқ ўсгани сари бандлик ҳам ортади, камбағаллик қисқаради, қишлоқ жойларида харид қобилияти ошади. Шу боис, бу натижа нафақат ялпи ички маҳсулот каби макрокўрсаткичнинг ўсишига хизмат қилади, балки бирон бир инсоннинг реал фаровонлигини ҳам акс эттиради. Ишларнинг бундай ҳолати ҳар қандай давлат дастури муваффақиятининг бош мезонидир.
Қонунчилик палатасининг роли қабул қилинган қарорларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларнинг амалда ижро этилишини таъминлашдан ҳам иборат. Ҳар қандай, ҳатто энг тўғри қарорлар ҳам, агар ижро даражасида бюрократик тўсиқларга дуч келса ёки муайян тумандаги аниқ бир фермер ёхуд қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисига етиб бормаса, ўз маъносини йўқотади.
Ҳозирга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва назорати билан учта идора шуғулланиб келмоқда. Оқибатда санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмаган, айрим вазифа ва функциялар бир-бирини такрорламоқда. Бу эса тадбиркорларнинг экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча оворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлмоқда.
Йиғилишда Ўсимликлар карантини агентлигида 100 та, Ветеринария қўмитасида 115 та, санитария-эпидемиология тизимида 44 та вазифа ва функция мавжудлиги, шу билан бирга, маҳсулотни “етиштиришдан истеъмолчигача” кузатиб бориш тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани таъкидланди. Шу боис, озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга жавоб берадиган ягона марказлашган тизим яратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Хусусан, “даладан дастурхонгача” тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. Янги тизимда эскирган, тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлаётган текширувлардан воз кечилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилиниб, унинг ўрнига хавфга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.
Бугунги кунда бундай ёндашув республика бўйича 80 мингта объектдан атиги 1,6 мингтасида, яъни бор-йўғи 2 фоизида қўлланилмоқда. Эндиликда хавфли маҳсулотлар тўғрисида тезкор хабар бериш ва уларни қайтариб олиш бўйича электрон тизим яратилади.
2029 йил 1 январдан бошлаб мева-сабзавот экспорти фақат агрологистика марказлари орқали амалга оширилади. Экспорт салоҳияти юқори йирик озиқ-овқат корхоналарини халқаро хатарлар таҳлили стандарти ва Алиментариус кодекси талабларига ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Бу кўрсаткични 2028 йилга қадар 20 фоизга, 2030 йилга қадар 60 фоизга ва 2032 йилга қадар 100 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 20 та туманда ички фитосанитария сертификатини расмийлаштиришга кўмаклашувчи жамоатчи инспекторлар фаолияти йўлга қўйилади. Бундан буён мева-сабзавот экспорти статистикаси маҳсулот қайси ҳудудда етиштирилган бўлса, ўша ҳудудда ҳисобга олинади.
2027 йилдан бошлаб лаборатория текшируви, ҳайвонларни эмлаш, дезинфекция ва идентификация қилиш каби 6 та давлат функцияси хусусий секторга берилади. Вилоят ҳокимларига йил якунигача ушбу хизматлар бўйича камида 2 тадан хусусий лаборатория ва ветеринария клиникасини ташкил этиш топширилди.
Ҳар бир маҳсулот бўйича онлайн кузатиш тизими йўлга қўйилади. Фермер ва деҳқонлар учун “Агро кўмакчи” мобил иловасида электрон “Дала дафтари” тизими жорий этилади. Мазкур тизим орқали сунъий интеллект зараркунандалар тарқалишини олдиндан башорат қилиб, деҳқонларга зарур тавсиялар беради.
Фаол ва ҳалол ишлаётган фермерлар рейтинги юритилади ва уларга қўшимча имтиёзлар берилади. 2027 йил 1 мартгача озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича ягона автоматлашган ахборот платформаси ишга туширилади. У чегарадаги “Ягона дарча” тизими билан интеграция қилиниб, экспортчилар ортиқча бюрократик жараёнлардан озод этилади. Янги тизим орқали импортда назорат вақти 9 кундан 2 кунга, экспортда эса 3 кундан 1 кунгача қисқартирилиши белгиланди. Бунинг ҳисобига тадбиркорларнинг маҳсулотни омборда сақлаш харажатлари 70 миллиард сўмга тежалади.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказиладиган йиғилишлар давлат бошқарувининг самарали воситасига айланиб, улар орқали устувор вазифалар белгиланаётгани, тизимли тўсиқлар бартараф этилаётгани ва раҳбарлар зиммасига аниқ масъулият юклатилаётгани муҳим аҳамият касб этади. Амалий натижага қаратилган бу интилишда демократия тамойиллари ва Ватан манфаатлари йўлидаги хизмат билан чуқур ҳамоҳангликни кўряпмиз.
Аграр соҳадаги ислоҳотлар нуқтаи назаридан қаралганда, давлат қарорларидаги адолат ҳар бир оила дастурхони тўкин, деҳқон учун муносиб даромад, ҳалол меҳнат қилиш учун реал имкониятлар каби ўлчанадиган натижаларда намоён бўлиши лозим. Шу маънода, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ривожланган чорвачилик Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан энг олис қишлоқлар аҳолисининг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтириш механизми бўлиб хизмат қилади. Ишончим комилки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда намоён этган сиёсий иродаси замирида айнан шу мантиқ ётади.
Н.Рашидова,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис депутати.
ЎзА