Адолат қарор топди: тадбиркорнинг 119 миллион сўмдан ортиқ маблағи ўз ихтиёрида қолди
Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Зеро, тадбиркор ҳудудлар ободлиги ва аҳоли фаровонлигига муносиб ҳисса қўшади. Шу боис ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу жараёнда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, яъни Бизнес-омбудсман институти тадбиркорларнинг яқин кўмакчиси бўлмоқда. Яқинда Тошкент вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларидан бири билан боғлиқ суд ишида ҳам бу ўз тасдиғини топди.
Масаланинг тарихи 2020 йилга бориб тақалади. Ўша йили 14 сентябрда Зангиота тумани ҳокимининг қарори билан тадбиркорга тумандаги Чинор маҳалласи ҳудудидан ярим гектар ер ажратилган эди. Мақсад жуда эзгу бўлиб, маҳалла болалари учун замонавий хусусий боғча қуриш эди.
Ажратилган майдон қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасига киргани сабабли қонунчиликка кўра нобудгарчилик ўрни қопланиши лозим эди. Тадбиркор бу мажбуриятни ўз вақтида бажарди. У 2024 йилнинг март ойида суд ҳужжати асосида давлат ҳисобига 370 миллион 332 минг сўм миқдоридаги маблағни тўлиқ тўлаб берди. Мутахассислар хулосасида ҳам тадбиркор бу ерни ўзбошимчалик билан эгалламагани алоҳида қайд этилди.
Орадан вақт ўтиб, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 июлдаги ПҚ–229-сонли қарори қабул қилинди. Бу муҳим ҳужжат ҳудудлардаги ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган эди. Қарорга мувофиқ вилоятдаги 82 та тадбиркор қаторида ушбу корхона фойдаланувидаги ер майдони тоифаси ҳам расман ўзгартирилди. Тадбиркорларга енгиллик бўлиши учун ер нобудгарчилиги тўловини беш йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилди.
Аммо қарор ижросини таъминлаш жараёнида ҳисоб-китоб билан боғлиқ тушунмовчилик юзага келди. Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ушбу ер учун умумий тартибда янгидан 596,3 миллион сўм нобудгарчилик тўлови ҳисоблади. Сўнгра унинг дастлабки бешдан бир қисми — 119 миллион 263 минг сўмни ундириш бўйича судга даъво киритди.
Тегишли ҳужжатлар ижроси жараёнида баъзан ана шундай техник устма-уст тушиш ҳолатлари учраб туради. Дастлабки ва апелляция суди босқичларида асосий эътибор янги қарор ижросига қаратилиб, даъво талаби қаноатлантирилган эди. Натижада тадбиркор битта ер майдони учун икки маротаба тўлов қилишига тўғри келиб қолди.
Ана шундай паллада тадбиркор манфаатини ҳимоя қилиш учун Бизнес-омбудсман ишга киришди. Вакил идораси мутахассислари ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқди. Шундан сўнг Тошкент вилоят судига тафтиш тартибида шикоят киритилди. Унда жуда оддий ва ҳаётий ҳақиқат ўртага ташланди. Яъни тадбиркор битта ер майдони учун давлат олдидаги мажбуриятини аввал тўлиқ бажарган. Шу боис ундан айни шу ер учун иккинчи марта пул ундирилиши адолат мезонларига тўғри келмайди.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати мазкур ишни тафтиш тартибида кўриб чиқди. Суд масалага ҳар томонлама, холис ва чуқур ёндашди. Иқтисодий процессуал кодекс талаблари асосида барча далиллар қайта баҳоланди. Тадбиркорнинг 2024 йилда 370 миллион сўмдан зиёд нобудгарчилик тўловини тўлаб бўлгани ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ инобатга олинди.
Якунда адолат тантана қилди. Тошкент вилоят суди тафтиш инстанцияси Бизнес-омбудсман шикоятини қаноатлантирди. Қуйи судларнинг қарорлари бекор қилиниб, тадбиркордан 119 миллион 263 минг сўм ундириш ҳақидаги даъво рад этилди.
Ушбу ҳолат мамлакатимизда тадбиркор ўз муаммоси билан ҳеч қачон ёлғиз қолмаслигини яна бир бор кўрсатди.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА