Дори воситалари сақланаётган яширин омбор аниқланди
Аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган, сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйиш мақсадида Наманган вилоятида тезкор тадбир ўтказилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ходимлари Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган тадбир давомида Уйчи туманидаги яширин омбор фаолияти фош этилди.
Аниқланишича, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи хусусий корхона раҳбари ва унинг ишчиси бўлган, 1983 ва 1986 йилларда туғилган ака-укалар нотурар бинолардан бирининг ертўласида дори воситаларини сақлаш учун яширин омбор ташкил этган.
Омборни кўздан кечириш чоғида хорижда ишлаб чиқарилган жами 412 турдаги 67 минг 923 бирлик дори воситалари борлиги маълум бўлди. Уларнинг умумий тахминий қиймати 5,6 миллиард сўмни ташкил этиши аниқланди. Мазкур дори воситалари кейинчалик сотиш мақсадида сақлангани маълум бўлиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда олиб қўйилган дори воситаларининг сифати ва бошқа хусусиятларини аниқлаш мақсадида суд-кимёвий ҳамда товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА