Ташландиқ ҳудуд замонавий дам олиш масканига айланади
Бухоро вилояти Қоракўл туманида аҳоли учун муносиб яшаш ва дам олиш шароитларини яратиш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
“Чекирчи” маҳалла фуқаролар йиғинида кўп йиллар давомида қаровсиз ҳолда ётган, сизот сувлари тўпланиб келган ҳудуд эндиликда замонавий аҳоли дам олиш масканига айлантирилмоқда. Айни пайтда бу ерда кенг кўламли тупроқ ишлари амалга оширилиб, сунъий кўл барпо этиш ва атроф ҳудудни ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган аҳоли учун қулай ва муносиб яшаш муҳитини яратиш, маҳаллаларни ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган ташаббусларнинг ҳудудлардаги амалий ифодаси сифатида аҳамиятлидир.
Умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, салқин ичимликлар савдоси каби йўналишларда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектини ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса келгусида 100 га яқин янги иш ўрни яратиш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини кенгайтириш имконини беради.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — аввал фойдаланилмай, қаровсиз ҳолда турган ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятга эга масканга айлантирилаётганидир. Яъни бу ерда нафақат дам олиш учун қулай муҳит яратилади, балки хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиб, янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилади.

Айни пайтда туман ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги ишлар ўрганилиб, сунъий кўлга туташ майдонларни ободонлаштириш, атроф-муҳитни тартибга келтириш, мавжуд ноқонуний қурилмаларни белгиланган тартибда бартараф этиш ҳамда аҳоли учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳа доирасида аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун сайр ҳудудлари, дам олиш жойлари ва турли хизмат кўрсатиш шохобчаларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудуддан оқиб ўтувчи “Гурдуш” канали сувини айланма тизим асосида самарали йўналтириш орқали сунъий кўлнинг барқарор сув таъминотини таъминлаш режалаштирилган.
Эътиборлиси, бу ташаббус оддий ободонлаштириш лойиҳаси билан чекланмайди. У аҳоли фаровонлиги, бандлик, тадбиркорлик ва ҳудуднинг туристик-дам олиш салоҳиятини бир нуқтада уйғунлаштирган комплекс лойиҳа сифатида намоён бўлмоқда.

Кечагина қаровсиз ва ташландиқ ҳолатда бўлган ҳудуднинг бугун аҳоли учун замонавий дам олиш масканига айлантирилаётгани Қоракўл туманида ободонлаштириш ишлари янги мазмун касб этаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бундай лойиҳалар ҳудуд қиёфасини ўзгартириш билан бирга, одамлар учун янги имконият, тадбиркорлар учун янги майдон ва маҳалла аҳолиси учун янги иш ўринларини яратади.
Шу маънода, Чекирчида барпо этилаётган янги маскан маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини жонлантириш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва Қоракўл туманининг замонавий қиёфасини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири