Абдумалик Халаков ғолибона юришини бошлади
Абдумалик Халаков “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказиладиган мусобақаларда доимо юқори савияда иштирок этган.
Хитойнинг Гуиянг шаҳрида ўтаётган “World Boxing” ташкилоти кубоги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси юқори натижаларни қайд этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги куни ҳам вакилларимиз учун муваффақиятли ўтмоқда.
Мусобақанинг бугунги беллашувларида уч нафар чарм қўлқоп устамиз ғалаба қозонди. Жумладан, -60 кг. вазнда Абдумалик Халаков венесуэлалик Вилсон Солорзано устидан ишончли - 5:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу вазндаги қизлар орасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ситора Турдибекова Япония вакили Аяка Тагучини 3:2 ҳисобида енгган бўлса, -70 кг. вазнда эса Шавкатжон Болтаев Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси Жоонсу Кимни 3:2 ҳисобида таслим этди.
Эслатиб ўтамиз, “World Boxing” ташкилоти кубогининг кечки дастури доирасида -55 кг. Самандар Олимов озарбайжонлик Амин Маммадзадага қарши баҳс олиб боради. Шунингдек, -80 кг вазнда Жавоҳир Умматалиев қозоғистонлик Сабиржан Аккаликов билан куч синашади
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА