690 миллиард сўмлик йирик дастур минглаб юртдошларимиз хонадонига қувонч олиб киради
Муносабат
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, ҳеч шубҳасиз, инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини улуғлаш тамойили мустаҳкам ўрин олган. Шу боис, сўнгги ўн йилликда халқни рози қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни тизимли қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Айниқса, халқимизнинг асрий қадриятлари, эзгу туйғулари ва олижаноб фазилатларини ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити арафасида бундай эзгу ишлар янгича мазмун ва кенг кўлам касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишиши бунинг ёрқин исботи бўлди. Бу ташаббус нафақат байрам арафасидаги хайрли тадбир, балки давлатимизнинг ижтимоий адолат ва инсонпарварлик ғояларига содиқлигининг амалий ифодасидир.

Мазкур тақдимотда соҳага масъул бўлган қатор идоралар, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ишлаб чиқилган кенг қамровли ва манзилли таклифлар тингланди.
Бу жараёнда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги, ижтимоий шериклик механизмлари тўлиқ сафарбар этилгани диққатга сазовордир. Энг муҳими, мазкур чора-тадбирларни молиялаштириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 690 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу улкан рақам ортида минглаб юртдошларимизнинг дардига малҳам бўлиш, уларнинг ҳаётига қувонч олиб киришдек олижаноб мақсад мужассам.
Инсон саломатлигини тиклаш, айниқса, келажагимиз бўлмиш фарзандларимиз соғлом улғайишини таъминлаш ушбу дастурнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. Эндиликда, белгиланган чора-тадбирлар доирасида тиббиёт соҳасида мисли кўрилмаган хайрия ва даволаш ишлари амалга оширилади.
Хусусан, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Шунингдек, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморлар чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилиб, уларни даволаш ва зарур жарроҳлик амалиётлари харажатлари қопланади. Камида 350 нафар беморда юқори технологик ва мураккаб ҳисобланган жигар ҳамда буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатлари тўлиқ давлат ва жамғарма маблағлари ҳисобидан таъминланади. Шубҳасиз, энг оғир дардларга чалинган беморларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик минглаб оилаларга умид ва ҳаётбахш куч бағишлайди.
Янги Ўзбекистонда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида вояга етказиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизимли тус олган. Муборак Қурбон ҳайити кунларида бу борада ҳам алоҳида қувончли ташаббусга қўл урилмоқда.
Жумладан, 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш, юртимиз тинчлиги йўлида мардларча қурбон бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фарзандлари алоҳида эътиборга олинади. Уларнинг ҳар бири учун очилган омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб бериладиган бўлди.
Тақдимотда белгиланган вазифаларга кўра, юртимиздаги 500 та масжидда намозхонлар ва зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қурилади, реконструкция қилинади ёки тубдан таъмирланади. Шу билан бирга, жойлардаги қабристонлар ва қадамжолар обод қилинади.
Маҳаллабай ишлаш тизими доирасида давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг хонадонларига йўқловлар уюштирилиб, уларга кундалик зарур озиқ-овқат тўпламлари етказиб берилади. Байрам кунларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзиш, зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Буларнинг барчаси жамиятимизда “ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган улуғ ғоянинг амалдаги ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари тақдимот давомида ушбу кенг кўламли хайрли ишларнинг ташкилий жиҳатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Президентимиз эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, беморларни даволаш ва болаларга кўмак кўрсатиш билан боғлиқ барча тадбирлар қатъий шаффофлик ва манзиллилик асосида ташкил этилиши зарурлигини қатъий таъкидлади.
Энг муҳими, ушбу ташаббуслар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” ғояси ҳамда Сайловолди дастуридаги устувор вазифалар билан тўлиқ ҳамоҳанг эканлиги кишини қувонтиради. Мазкур хайрли ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши партиянинг жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва ногиронлиги бўлган шахсларни тизимли муҳофаза қилиш ҳамда давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш борасидаги қатъий позицияси нақадар ҳаётий ва зарур эканлигини яна бир бор намоён этди.
Умуман олганда, Қурбон ҳайити арафасида режалаштирилаётган бу улкан ижтимоий лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик қиёфасини бутун дунёга яна бир бор намойиш этмоқда. Диний ва миллий қадриятларимиз давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётгани таҳсинга лойиқдир.
Қолаверса, бу йирик дастур минглаб оилаларга умид бағишлаб, бемор болаларнинг соғайиб, ҳаётга кулиб боқиши, юзлаб қадамжоларнинг обод бўлишига замин яратади. Бундай меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити ҳукмрон бўлган юртда эса доимо барака, тинчлик ва тараққиёт бардавом бўлаверади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА