Давлат тиббий суғуртаси ўзи нима, у қандай тартибда ишлайди?
Андижонда “Соғлиқни сақлаш тизимидаги янги ислоҳотлар ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнлари” мавзусида пресс-тур ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамда Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган пресс-тур иштирокчилари дастлаб Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология маркази Андижон филиали лабораторияси фаолияти, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, айни пайтда бу ерда даволанаётган беморлар билан суҳбатлашди.
– Филиалимизда тиббий суғурта тизими асосида хизматлар йўлга қўйилган, – дейди филиал бош шифокори Гулжаҳон Ҳакимова. – Қатор қулайлик ва афзалликларга эга ушбу тизим беморларга манзур бўлмоқда. Ушбу тизимнинг жорий этилиши билан ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинмоқда, жарроҳлик амалиётлари, радиотерапия муолажалари, умуман, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ортмоқда.
Журналист ва блогерлар Асака туманида аҳолини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича реимбурсация жараёнлари билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, Реимбурсация дастури доирасида Асака туманида 4 мингдан ортиқ бемор имтиёзли рецепт асосида дори воситалари билан таъминланди. Қолаверса, ушбу тизим орқали айрим тоифадаги беморлар учун дори-дармонлар давлат томонидан қисман ёки тўлиқ қоплаб берилди.
Пресс-тур якунланганидан сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалида соҳа мутасадди ва мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Маълумки, ҳар бир фуқаронинг асосий ҳуқуқларидан бири бу соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишдир. Оила бюджет учун оғирлик қилмайдиган, сифатли ва бепул тиббий хизматларни таъминлаш мақсадида юртимизда Давлат тиббий суғуртаси жорий қилинмоқда.
Дастлаб давлат тиббий суғуртаси 2021 йилда Сирдарё вилоятида синов тариқасида жорий этилган. Йиғилган тажриба ва таҳлиллар асосида 2024 йилда Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич ишга туширилди.
Давлат тиббий суғуртаси ўзи нима? У қандай тартибда ишлайди? Бу саволлар албатта, кўпчиликни қизиқтиради.
– Давлат тиббий суғуртаси бу аҳолини кафолатланган бепул тиббий хизматлар билан таъминлашга қаратилган давлат дастуридир, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Андижон вилоят бўлими бошлиғи Шукрулло Болтабоев. – Ушбу тизим асосида фуқароларга “Кафолатланган пакет ҳажм” доирасида шошилинч ёрдам, терапевт ва бошқа мутахассислар қабуллари, текширувлар, жарроҳлик амалиётлари, дори-дармон билан таъминлаш ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.
Бу хизматлардан фойдаланиш учун фуқаролар доимий рўйхатда турган оилавий шифокор орқали тиббий хизматга мурожаат қиладилар. Муҳими, суғурта автоматик жорий этилади, фуқаролардан ҳеч қандай ариза бадал ва бошқа тўловлар талаб этилмайди. Аммо, оилавий шифокор билан доимий алоқада бўлиш тавсия этилади. Мураккаб ҳолатларда мутахассисга электрон йўлланма берилади.
Содда қилиб айтганда, давлат тиббий суғуртаси – фуқаронинг соғлиғини давлат томонидан ҳимоя қилиш тизими ҳисобланади, яъни, суғурта орқали аҳоли бепул ёки арзонлаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бунда давлат ҳар бир инсоннинг соғлиғини кафолатли ҳимоя қилади ва тиббиёт тизимини молиялаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2026 йил 1 июлдан вилоятдаги тиббиёт ташкилотларида тиббий суғурта механизмлари жорий этилиши белгиланган.
Ана шу қарор ижроси доирасида Андижон вилоятидаги 260 та давлат ва хусусий тиббиёт муассасаси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома имзолаган.
Таҳлилларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига мурожаатлар 9,1 фоизга ортган. Бу аҳолининг тиббий хизматларга ишончи ортаётгани ва профилактик тиббиётга эътибор кучайганини кўрсатади.
Бундан ташқари, айни пайтда вилоятдаги қатор давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифадаги фуқаролар учун юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши ҳам йўлга қўйилган. Бу эса аҳолига қиммат ва мураккаб тиббий хизматлардан ҳам кенгроқ фойдаланиш имконини яратмоқда.
[gallery-29593]
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фотоси), ЎзА