500 га яқин реклама роликлари қонун талабларига зид деб топилди
Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йилнинг сентябрь – октябрь ойларида Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган тунги клубларнинг ижтимоий тармоқларда жойлаштирган рекламалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Хусусан, «JIZZAX LEADER FOOD» МЧЖ ҳамда «АЗИЗ БОҒИШАМОЛ КЛУБ» МЧЖга қарашли тунги клубларнинг Инстаграм ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида жойлаштирилган реклама материаллари таҳлил қилинди.
Ўрганишлар давомида мазкур саҳифаларда жойлаштирилган 500 га яқин видеороликда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид бўлган тасвир ва образлардан фойдаланилгани аниқланди.
Ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат марказининг Жиззах вилояти бўлимига мурожаат қилинди. Улар томонидан тақдим этган хулосага мувофиқ, мазкур рекламалар «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси талабларига зид экани белгиланди.
Юқоридагиларга кўра, Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ҳар икки тунги клубнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида жойлаштирилган қонунчилик талабларига зид реклама материаллари олиб ташланди. Натижада, мазкур саҳифаларнинг жами 120 минг ортиқ обуначи номақбул реклама материаллари таъсиридан ҳимояланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА