COP31: Ўзбекистон ва Қозоғистон саноатда экологик технологияларни жорий этиш борасида келишди
Саноат ривожланиши иқтисодий ўсишнинг муҳим омили. Бироқ, унинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган.
Шу боис, Ўзбекистон саноат тармоқларида энг яхши мавжуд техникаларни жорий этиш, ишлаб чиқаришда ресурслардан оқилона фойдаланиш ва зарарли ташламаларни қисқартиришга қаратилган халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонларининг 31-конференцияси (COP31) доирасида Ўзбекистон павильонида мамлакатнинг энг яхши мавжуд техникаларни жорий этиш бўйича миллий ёндашуви тақдим этилди.

Тадбирда Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори ўринбосари Вячеслав Ши-Сян саноатни экологик модернизация қилиш, атмосферага зарарли ташламалар ва иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш, сув, энергия ҳамда хомашёдан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистонда ушбу йўналишда Жаҳон банки ҳамкорлигида ЭМТга ўтиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилаётганини, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги йирик саноат ҳамда энергетика объектлари, жумладан, цемент, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналари, иссиқлик энергетикаси ва йирик қозонхоналар қамраб олинишини қайд этди.

Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, ташаббус фақат миллий миқёсдаги ислоҳотлар билан чекланмайди. COP31 доирасида Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори ўринбосари Вячеслав Ши-Сян ҳамда Қозоғистоннинг “Яшил технологиялар ва инвестиция лойиҳалари халқаро маркази” бошқаруви раиси Сакен Калкамaнов иштирокида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Келишув кимё, энергетика ва цемент саноати учун энг яхши мавжуд технологиялар бўйича тармоқ маълумотномаларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш, корхоналарда комплекс технологик аудитлар ўтказиш, мутахассислар тажрибасини ошириш ва рақамли платформани ривожлантиришни назарда тутади.

Шунингдек, Марказий Осиёда ЭМТ бўйича минтақавий бюро ташкил этиш ва технологик маълумотлар алмашинувига хизмат қилувчи рақамли платформани яратиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА