Ғозғонда тадбиркорлик учун янги имкониятлар
Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий хомашё негизида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Бу янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
Ғозғон табиий мармар ва гранит захиралари билан ажралиб туради. Шаҳар иқтисодиётида тош қазиб олиш, уни қайта ишлаш ҳамда қурилиш ва пардозлаш материаллари ишлаб чиқариш етакчи ўрин тутади. Мавжуд хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари кенгаймоқда.
Тадбиркорлик ташаббусларининг молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани янги корхоналар ташкил этиш ва мавжудларининг фаолиятини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва солиқ имтиёзлари бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашса, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши тадбиркорларнинг вақт ва харажатларини тежаш имконини беряпти.
Шаҳарда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни бизнесга жалб этишга ҳам алоҳида аҳамият берилган. Савдо, транспорт хизмати, ҳунармандчилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда.
[gallery-32549]
Тадбиркорлик фаолиятининг кенгайиши шаҳарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, хизматлар турини кўпайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА