Экологик экспертизада сунъий интеллект: Италия тажрибаси Ўзбекистонда
Мамлакатимизда экологик экспертиза жараёнларини рақамлаштириш, уларнинг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш, илғор технологияларни миллий тизимга татбиқ этиш мақсадида Италия билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.
Рим шаҳрига “Экологик баҳолашда сунъий интеллектдан фойдаланиш: Италия тажрибаси” мавзусида ўқув сафари ташкил этилди. Унда Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори Ғайрат Муҳамедов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Тадбир Италия Атроф-муҳит ва энергетика хавфсизлиги вазирлиги (MASE), Таъсирни баҳолаш халқаро ассоциациясининг Италия бўлими (IAIA Italia) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида ўтказилди. Асосий мақсад атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (АТБ) ва стратегик экологик баҳолаш (СЭБ) жараёнларида сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Уч кунлик ташрифнинг дастлабки икки кунида Италия ва Ўзбекистондаги экологик баҳолаш тизимлари, рақамли технологияларни қўллаш механизмлари ҳамда сунъий интеллект асосида ишлайдиган ахборот платформаларини ўзаро интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Италияда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тизимининг ҳуқуқий-институционал асослари, ваколатлар тақсимоти ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг асосий тамойиллари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда экологик баҳолаш тизимининг бугунги ҳолати ва Экология миллий қўмитаси фаолияти юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Шунингдек, ташриф доирасида делегация Марке ва Ломбардия ҳудудлари тажрибаси билан танишди. Жумладан, лойиҳаларни дастлабки тавсифлаш, чиқиндиларни бошқариш объектларини экологик таъсир бўйича дастлабки баҳолаш жараёнларида сунъий интеллект имкониятларидан қандай фойдаланилаётгани кўрсатилди.
Муҳокамалар давомида томонлар ўзларининг ахборот тизимлари билан ўзаро танишиб, уларни интеграция қилиш имкониятларини кўриб чиқди. Италия томони ўз моделларидан Ўзбекистонда фойдаланишга рухсат берди. Бу эса мамлакатимизда экологик экспертиза жараёнларини такомиллаштиришда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш учун муҳим имконият.
Таъкидлаш жоизки, Римдаги учрашувлар 2026 йил июнь ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Eco Expo Central Asia 2026” кўргазмаси доирасида бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ўшанда Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнларида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига бағишланган махсус тадбир ўтказилган эди.

Бундан ташқари жамоатчилик иштирокини таъминлаш, ҳудудий тузилмалар учун билимлар тизимини шакллантириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш таклифлари муҳокама қилинди. Кун якунида эришилган келишувларни расмийлаштириш ва кейинги ҳамкорлик йўналишлари бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш режалаштирилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА