18,3 гектар ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
Маълумки, Кадастр агентлигининг асосий вазифаларидан бири бу ер ва кадастр назорати тадбирларини амалга ошириш ҳисобланади. Ердан фойдаланиш ва хусусийлаштиришнинг ўзига хос тартиб-таомиллари аниқ белгиланган бўлса-да, қонун талабларини четлаб ўтиб, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари, афсуски, ҳали ҳамон учраб турибди.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси Маҳмуджон Азимов бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари натижасида 2026 йилнинг ўтган 6 ойида 1 минг 376 та ҳолатда 18,3 гектар ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган. Энг кўп ҳуқуқбузарлик пойтахтимизнинг Сергели, Яккасарой, Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур туманларида қайд этилган.
Кадастр ходимлари томонидан берилган ёзма кўрсатмалар, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 839 та ҳолатда 9,6 гектар ер қонунбузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилишига эришилган.
Ўз вақтида бартараф этилмаган ҳолатлар юзасидан кадастр ходимлари кейинги чораларни кўришга мажбур бўлади. Кейинги чора эса судларга даъво аризаларини киритиш. Шунга кўра, ер участкаларини қайтариш ва уларда қурилган иморатларни бартараф этиш бўйича 415 та ҳолатда 9 гектар ер майдони билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан судларга даъво аризалари киритилган.
Юқоридаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг 937-сон қонуни талабларига мутаносиб бўлмагани учун ҳам ушбу жойларда ер ва кадастр назорати тадбирлари амалга оширилган.
Қўшимча ўрнида, 937-сонли қонуннинг асосий мақсади — 2018 йил 1 майга қадар ҳуқуқий ҳужжатсиз ёки ажратилган майдондан ортиқча ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, якка тартибда уй-жой қурган фуқароларнинг ҳуқуқларини эътироф этишдан иборат. Мазкур Қонун 2018 йил 1 майдан кейин содир этилган қонунбузилиш ҳолатларини қамраб олмайди.
Иккинчидан, ер назорати тадбирлари 2018 йилдан кейин эгаллаб олинганлиги яққол аниқ бўлган ва тасдиғини топган ҳолатлар юзасидан олиб борилади. Бу тоифадаги қурилмаларни аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 155-сонли фармонига асосан “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик мониторинг орқали амалга оширилади. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар Кадастр агентлигининг “E-yer nazorat” автоматлаштирилган тизимига интеграция қилинади. Агентлик инспекторлари айнан ушбу аниқ далиллар ва таҳлилий маълумотларга таянган ҳолда назорат тадбирларини олиб боради.
Ҳар бир қарич ердан қонуний, оқилона ва мақсадли фойдаланиш барчамизнинг бурчимиз. Замонавий технологиялар асрида ерга оид ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатини яшириб бўлмайди. Шундай экан, юртдошларимиздан ноқонуний қурилишларни амалга оширмаслик ҳамда ер участкаларидан фақат қонунчиликда белгиланган мақсадларда фойдаланишларини сўраб қоламиз.
Гулноза Бобоева,
ЎзА