Зулфияхоним издошлари сараланди
Мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўъёбга чиқараётган, ўз ғоя ва ташаббусларини илгари сураётган, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган қизларни муносиб рағбатлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Наманган шаҳрида Зулфия номидаги давлат мукофотининг шаҳар босқичи саралаш жараёнлари бўлиб ўтди.

Наманган Давлат Педагогика институтида ўтказилган кўрик-танлов аввалида, Наманган шаҳри ҳокими Аюбхон Камолов иштирокчиларга омад ва зафарлар тилаб, юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Зулфия номидаги давлат мукофоти иқтидорли, билимга чанқоқ, ташаббускор ва юксак мақсадлар сари интилаётган қизларни рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш ҳамда янги марралар сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Саралаш босқичида 25 нафардан зиёд иштирокчи тўққизта йўналиш бўйича ўз билим, истеъдод ва маҳоратини намойиш этишди. Танлов мобайнида қизларнинг илм-фан, таълим, адабиёт, санъат, спорт сингари соҳаларда эришган ютуқлари ҳамда салоҳияти кузатиб борилди.

Бунда комиссия аъзолари томонидан номзодларнинг ижодий ишлари, илмий изланишлари, ютуқлари белгиланган мезонлар асосида баҳоланиб, иштирокчилар орасидан юқори кўрсаткичларга эришган, эътирофли ютуқ-марраларни қўлга киритган, ибратли жамоатчилик ишлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, ноёб истеъдоди ва иқтидори билан ном қозонган ёшларга алоҳида эътибор қаратилди.

Танлов якунларига кўра, ҳар бир йўналиш бўйича муносиб деб топилган жами тўққиз нафар иштирокчи вилоят босқичида Наманган шаҳри шарафини ҳимоя қилиш имкониятини қўлга киритди.

Мазкур танлов иқтидорли қизларни кашф этиш, уларнинг ютуқларини кенг жамоатчиликка танитиш ва янги авлоднинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири