Мулк ҳуқуқи эътироф этилди
Мамлакатимизда фуқароларнинг ер ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини қонуний жиҳатдан эътироф этиш, йиллар давомида фойдаланиб келинаётган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино-иншоотларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш, кўчмас мулк билан боғлиқ муаммоларга қонуний ечим топиш ва фуқароларнинг мулкдор сифатидаги ҳуқуқларини мустаҳкамлашдир.
Чунончи, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни қонунчиликда белгиланган тартибда эътироф этиш орқали минглаб фуқароларнинг йиллар давомида ҳал этилмай келаётган масалаларига ечим топилмоқда.

Бу борада Наманган вилоятида муҳим натижаларга эришилмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси қарори билан яна 7 минг 184 нафар фуқаронинг ер ва мулкка бўлган ҳуқуқи эътироф этилди. Шу тариқа, вилоят бўйича мулк ҳуқуқи қонуний эътироф этилган фуқаролар сони 22 минг 227 нафарга етди.

Мазкур кўрсаткичлар ортида минглаб оилаларнинг мулкий муаммоларига ечим топилгани, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилингани ва узоқ йиллик орзулари рўёбга чиқаётгани мужассам.

– Мулк ҳуқуқининг қонуний эътироф этилиши фуқароларга ўз уй-жойи ва ер участкасидан қонуний фойдаланиш, уни сотиш, ҳадя қилиш, мерос қилиб қолдириш ҳамда бошқа мулкий битимларни амалга ошириш имконини беради, – дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Исматуллаев. – Энг муҳими, мулкнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши фуқароларнинг эртанги кунга ишончини ошириш, кўчмас мулк соҳасида қонунийликни таъминлаш ва ҳудудларда мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири