Зоминда янги туризм нуқтаси барпо этилди
Президент фармони ижроси амалда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва Зоминни халқаро туризм марказларидан бирига айлантиришга қаратилган ташаббуслари изчил амалий натижа бермоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида Жиззах вилоятининг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси ва сўлим тоғ манзаралари билан машҳур Зомин туманида “Za’faron Premium Hotel” меҳмонхона мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ушбу замонавий мажмуа нафақат ҳудуднинг туристик қиёфасини бойитади, балки Зоминнинг халқаро туризм харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелда қабул қилинган “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросининг амалий натижаси сифатида эътиборга молик. “Ўзсаноатқурилишбанк” молиявий кўмаги асосида “BMB Holding” томонидан амалга оширилган ушбу йирик лойиҳа ҳудудда туризм инфратузилмасини янги босқичга кўтариш, сервис хизматлари сифатини ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
[gallery-29584]
Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллиард сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 165 миллиард сўм “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг узоқ муддатли кредит маблағлари, 35 миллиард сўм эса “BMB Holding”нинг ўз маблағлари ҳисобига йўналтирилди. Энг муҳими, мажмуа фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 120 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун доимий ва муносиб иш ўринлари яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
“BMB Holding” Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов таъкидлаганидек, Туризм соҳасига киритилаётган ҳар бир инвестиция, аввало, инсон қадрини юксалтиришга, ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш ва юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зомин тоғлари бағрида қад ростлаган мазкур мажмуа “BMB Holding”нинг туризм ва HoReCa — меҳмонхона, ресторан ҳамда сервис хизматлари йўналишидаги кенг кўламли лойиҳаларининг мантиқий давоми бўлди. “BMB Holding” таркибидаги тўртинчи меҳмонхона сифатида фаолият бошлаган ушбу мажмуада замонавий архитектура ечимлари, миллий меҳмондўстлик анъаналари ва халқаро сервис стандартлари ўзаро уйғунлашган.
Қисқа вақт ичида “Za’faron Premium Hotel” бренди маҳаллий ва хорижий сайёҳлар орасида ишончли ва замонавий туристик маскан сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, меҳмонхонада яратилган шароитлар табиат қўйнида мазмунли дам олиш, хизмат сафари ёки оилавий саёҳатни юқори даражада ташкил этиш имконини беради.
Меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 200 дан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда 107 та замонавий ва шинам хона, жумладан, 56 та стандарт, 16 та люкс, 8 та ярим люкс, 13 та оилавий хона ҳамда имконияти чекланган меҳмонлар учун махсус жиҳозланган хоналар ташкил этилган. Шунингдек, мажмуа ҳудудида 250 ўринли ресторан, 150 кишилик конференция зали, замонавий тренажёр зали ва болалар ўйин майдончаси фаолият юритмоқда. Бу эса ички ва ташқи туризм ривожи, оилавий дам олиш, бизнес тадбирлари ҳамда халқаро анжуманларни юқори савияда ташкил этиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Меҳмонхона бошқарувини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркиянинг нуфузли меҳмонхоналарида катта тажриба тўплаган мутахассислар жалб қилингани ҳам лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан биридир. Бу эса хизмат кўрсатиш сифати, бошқарув самарадорлиги ва меҳмонларга кўрсатиладиган сервис даражасини халқаро талаблар асосида шакллантиришга хизмат қилади.
— Зоминнинг бетакрор табиати ва туристик имкониятларини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратиш — биз учун нафақат бизнес вазифаси, балки мамлакат тараққиётига қўшилаётган амалий ҳиссадир, — дея таъкидлади тантанали очилиш маросимида сўз олган Бекзод Маматқулов
Тантанали тадбирда Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев ҳамда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
“Za’faron Premium Hotel”нинг ишга туширилиши мамлакатимизда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, ҳудудларнинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VVqv6Tubzik" title="Зоминда янги туризм нуқтаси" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари