Зоминда дам олиш масканлари кўпаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилоятида туризм соҳаси изчил ривожланиб, воҳага 472 минг хорижий ва 1,6 миллион маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Туризм хизматларидан тушган даромад 70 миллион АҚШ долларига етди. Шу даврда умумий қиймати 350 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилиб, 500 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Фориш, Ғаллаорол ва Бахмал туманларидаги бир нечта маҳаллага “туризм маҳалласи” мақоми берилди.
Йил сайин вилоятда жойлаштириш инфратузилмаси ҳам кенгаймоқда. 2017 йилда 22 та, 1 минг 900 ўринли меҳмонхона ва туризм объекти мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 312 тага, ўринлар сони эса 8 мингтага етди. Жорий йилнинг ўзида 1 минг 274 ўринли 49 та меҳмонхона, хостел ва бошқа жойлаштириш объектлари фойдаланишга топширилди.
Шу каби амалий ишлар орасида Зомин туманида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан барпо этилган янги замонавий дам олиш маскани алоҳида аҳамиятга эга. 5 гектар майдонда қурилган мазкур сиҳатгоҳ айни пайтда дам олувчиларнинг севимли масканига айланиб улгурди.
[gallery-26684]
80 миллиард сўм маблағ эвазига “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ҳамда “Осиё Қурилиш Имкон Сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилган ушбу маскан 180 кишига хизмат кўрсатиш имконига эга. Ҳудудда 4 та “люкс”, 6 та “яримлюкс” ва 6 та “стандарт” коттеж, кутубхона ва ўқув биноси, муолажа маркази, сауна ва ёпиқ сув ҳавзаси, болалар ўйингоҳлари, футбол майдони, автотураргоҳ, шунингдек 180 ўринга мўлжалланган икки қаватли ошхона фаолият юритмоқда.
Дам олиш маскани фойдаланишга топширилиши натижасида 78 та янги иш ўрни яратилди. Эндиликда ОКМК ишчи-ходимлари яна бир замонавий шароитларга эга сиҳатгоҳда ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлди.
Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА