Журналистлар пойтахт гўзалликларидан баҳраманд бўлишди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан «Кексалар учун туризм ойлиги» доирасида 25–26 ноябрь кунлари фахрий журналистлар ҳамда бугунги кунда соҳада самарали фаолият юритаётган тележурналистлар учун Тошкент шаҳрига икки кунлик саёҳат ташкил этилди.
— Бу каби саёҳатлар нафақат пойтахтимизнинг бой тарихи, бетакрор меъморий обидалари ва бугунги тараққиёти билан яқиндан танишиш, балки соҳа вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, кўп йиллар давомида матбуот ва журналистика соҳасида самарали меҳнат қилган фахрийлар билан бугунги авлод вакилларининг бир даврада жам бўлиши, уларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибасини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, устозлар меҳнатига ҳурмат кўрсатиш, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва авлодлар давомийлигини таъминлаш бундай ташаббусларнинг асосий мақсадларидан биридир, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Файзулло Бободўстов.

Саёҳатнинг илк манзили Зангиота зиёратгоҳи бўлди. Иштирокчилар бу ерда буюк авлиё Зангиота мақбарасини зиёрат қилиб, мажмуанинг тарихи, меъморий хусусиятлари ва маънавий аҳамияти билан танишдилар. Асрлар давомида халқимизнинг эътиқоди ва миллий-маънавий қадриятларини ўзида мужассам этган ушбу қадамжо меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.
Шундан сўнг саёҳат Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида давом этди. Меҳмонлар бу ерда Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли, давлат ва жамият бошқарувидаги фаолияти, шунингдек, мамлакатимиз тарихида тутган ўрни ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.

Саёҳат дастуридан ўрин олган навбатдаги манзил — Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлди.
— Марказда халқимизнинг бой диний-маърифий мероси, жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда ноёб тарихий қўлёзмалар билан танишдик. Бу ерда намойиш этилган тарихий ашёлар, илмий-маърифий экспозициялар ўтмишимиз, аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос ҳақида янада кенгроқ тасаввур уйғотади. Айниқса, миллий қадриятларимиз ва илм-фан тараққиёти ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этувчи экспонатлар катта қизиқиш уйғотди, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Зокиржон Оқулов.
Икки кунлик саёҳат давомида иштирокчилар пойтахтнинг диққатга сазовор масканлари, тарихий обидалари ва замонавий бунёдкорлик намуналари билан танишиб, ўзаро самимий мулоқот ва тажриба алмашиш асносида мароқли дам олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири