Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Истеъдодли шоир Зоҳиджон Оловнинг “Ёмғир мактублари” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Зоҳиджон Оловнинг ушбу тўпламдан ўрин олган шеърлари Ватан васфи, юрт одамлари, азалий ва абадий дўстлик, муҳаббат, ишқ ва ошиқликни улуғловчи шеърлардан иборат.
Китобда шоирнинг таниқли санъаткорлар куйга солиб, ижро этган шеърларини ҳам учратасиз.
“Ёмғир мактублари”дан жой олган шеърларни мутолаа қиларкансиз, ёмғирли ҳаводан нафас олаётганингизни, деразага келиб урилаётган ёмғир томчилари нолаларида акс этаётган ширин орзуларга тўла ёшлигингизни кўргандек бўласиз.
Қадим хатлар аро келар бир садо,
Бу элнинг кўкси тоғ, қадри осмондир.
Ким не деса десин, қилмасман парво,
Жаҳон ичра ўзи битта жаҳондир –
Дунёнинг жаннати Ўзбекистондир!
Китобга Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир сўзбоши ёзган.
– Ишонч билан айта оламанки, Зоҳиджоннинг “Ёмғир мактублари” Сизнинг китоб жавонингизнигина эмас, балки кўнглингиз эъзозида тургувчи китоблардан бирига ҳам айланади, дея ёзади у.
“Ёмғир мактублари”ни ўқинг.
ЎзА