“Мактубдир умрим” китоби озарбайжон тилида
Таниқли ўзбек ижодкори, “Дўстлик” ордени соҳиби Шуҳрат Орифнинг “Мактубдир умрим” номли китоби Боку шаҳрида озарбайжон тилида нашр этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, китоб таҳрир ҳайъатига Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг таниқли адабиёт ва маданият намояндалари жалб этилган.
Асарни Озарбайжон Ёзарлар бирлиги аъзоси, шоир-публицист Шохмамед Тоғларўғли ҳамда Халқаро “Алаш” адабиёт мукофоти лауреати Акбар Қўшали озарбайжон тилига таржима қилган. Яқин кунларда Шуша шаҳрида китоб тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.
Шуҳрат Ориф ижоди бугунга қадар дунёнинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилиниб, хорижлик китобхонларга ҳам етиб борган. "Мактубдир умрим"нинг озарбайжон тилидаги нашри эса ўзбек ва озарбайжон адабий алоқаларини янада мустаҳкамлайдиган адабий жараёнлардан бири бўлди.
Айтиш керакки, Шуҳрат Ориф ижодининг ўзига хослиги унинг нозик туйғу ва кечинмаларни теран ҳаётий кузатувлар ва фалсафий мушоҳадалар билан уйғунлаштира олганида намоён бўлади. Шоирнинг «Шом товуши» ва бошқа тўпламларидан жой олган шеърлари ва тўртликларида ҳаётий хулосалар, дунёни ва инсон табиатини теран англашга интилиш кучли. Унинг ижодида ўзбек мумтоз шеърияти анъаналарига хос оҳанглар ҳозирги замон адабий-эстетик эҳтиёжлари ва янгича талқинлар билан маҳоратли тарзда боғланади. Шоир лирикаси юракдан чиққан, ёниқ оҳанглар ва ёрқин рангларга бой. У инсон руҳиятининг энг яширин, нозик қирраларини, самимий иқрорлар ва изтироблар орқали очиб беради. Муаллиф мураккаб инсон қалби ва ички кечинмаларини содда ва шу билан бирга жуда таъсирчан, жарангдор ва образли сўзлар билан ифодалайди.
Н.Усмонова, ЎзА