Фармон ва ижро
Туризм – мамлакатни дунёга танитувчи, иқтисодиёт учун юқори даромад келтирувчи ва аҳоли бандлигини таъминловчи соҳалардан биридир. Шуни эътиборга олиб, Тошкент вилоятида ҳам туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур соҳада умумий қиймати 560 миллиард 65 миллион сўм миқдоридаги жами 39 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада жойларда 975 нафар янги иш ўринлари яратилди. Вилоятда жами 4 та махсус “туризм кўчалари” ташкил этилиб, туризм ва кўнгил очар хизматлар йўлга қўйилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳудудга 2024 йилда жами 9 миллион нафар хорижий ва маҳаллий туристларнинг келиши кутилмоқда. Айниқса, тарихий зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар мунтазам сайёҳлар билан гавжум.
Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши Паркент туманининг туризм салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Кумушкон туризм қишлоғида жойлашган “Масжидали” зиёратгоҳи халқ орасида алоҳида меҳр билан ёдга олинадиган Ҳазрат Али номи билан боғлиқ кўркам қадамжо бўлиб, вилоятнинг энг ажойиб диққатга сазовор жойларидан ҳисобланади.
Зиёратгоҳдаги ажойиб улкан чинор ва шифобахш булоқ суви зиёратчилар томонидан эъзозланиб, бу мўъжизаларни улар айнан Ҳазрат Алининг ташрифи билан боғлайди. Ушбу ҳудудда қадимдан кумуш конлари мавжуд бўлиб, булоқ сувларига ижобий таъсири натижасида инсон саломатлигига ниҳоятда фойдали ҳисобланади. Мазкур туризм қишлоғининг мана шундай ўзига хос томонлари туфайли айни пайтда меҳмон уйларини банд қилганлар сони ортиб бормоқда. Улар орасида хориждан келган сайёҳларни ҳам учратиш мумкин.
[gallery-18703]
Шунингдек, “Заркент ота” мажмуаси – Жаъфар ибн Ҳусайн Саййид Баттол Ғозийнинг қадамжоси ҳисобланади. Заркент ота VIII – IX асрларда яшаган ҳарбий қўмондон ва қутб-ул-ақтоб даражасидаги тасаввуф аҳли намоёндасидир. Бу улуғ инсонга бағишлаб бир қатор олимлар асарлар яратган. Ривоятга кўра, Заркент қишлоғида содир бўлган жангда Саид Жаъфар Ғозий душманларни енгиб, ғойиб бўлган. Шу билан бирга, дунёда Ғозийнинг еттита қадамжоси бор бўлиб, Заркент қишлоғидаги тарихий мажмуа эса энг машҳур манзиллардан бири саналади.
Мазкур қишлоқларда етиштириладиган меваларнинг мазаси сайёҳларни ўзига ром этиб қайта келишга чорлайди. Экологик соф маҳсулотлардан тайёрланадиган миллий таомларнинг мазаси ва хушбўйлиги эса келувчиларни доим мафтун этган.
А.Мусаев, А.Алижонов,ЎзА. (сурат)