Зиёлимисиз?
Ёзиш ёки ёзмаслик, айтиш ёки айтмаслик ўртасидаги ҳақиқатлар
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жадидлар даврига, улар қолдирган маънавий меросга жуда кўп мурожаат қилади. Бунинг боиси, аввало, жадид боболаримиздан ўрнак олиш бўлса, улардан ватанпарварлик сабоғини ўрганишдир: «Барчамизга аёнки, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли — билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар. Улар шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар...»
Зиёли инсон, зиёли оила, зиёлилар сулоласи, зиё тарқатувчи... Ҳаётда «зиёли» сўзига жуда кўп дуч келамиз. Ўқитувчи, олим... бир сўз билан айтганда, зиёлилар деб аталишига кўникиб қолганмиз.
Менинг назаримда, ўқимишли, билимли, саводли ва ҳатто олим одам ҳам тўлақонли зиёлилик талабига жавоб бера олмайди.
Зиёли — бу жуда улуғ, шарафли, масъулиятли ном, кенг тушунча, залворли юк. Зиёлилик номини кўтариш, унга амал қилиш — машаққат.
«Зиёли» сўзи бизнинг давримизга келиб касбга, илмий даражага нисбатан ишлатила бошланди.
Зиёлилик масъулиятидан жуда кўп ўринларда кўз юмилди. «Зиёлилик» сўзининг ижтимоий аҳамияти тобора торайиб борди. Худди «устоз» сўзи сингари. Менинг назаримда, бугун «устоз» сўзининг ҳам қадр-қиммати йўқолиб бораётгандай. «Устоз» сўзи асосан «муаллим» ва «домла» сўзлари ўрнига ишлатилмоқда. Бир пайтлар «устоз» сўзининг ҳам худди «зиёли» сўзи каби маъно-мазмуни чуқур, таъсир доираси анча кенг эди.
Бугун олий маълумотлилар, фан номзодлари, фан докторлари, бундан ҳам юқори даражаларга эришаётганлар жуда кўп бўлса-да, минг афсуски, зиёлидек мўътабар, муқаддас номга, рутбага, мавқега эришганлар жуда кам.
Ҳақиқий зиёли қандай бўлиши керак? У қандай талабларга жавоб бериши лозим? Зиёлининг зиммасида қандай масъулиятлар бор?
Балки биз биринчи навбатда зиёлининг жамиятдаги ўрни ва мавқеини белгилаб олишимиз керакдир.
Зиёлининг бурчи-чи? У қандай бўлиши зарур? Бугун айнан муаммо зиёлининг ўз бурчини тўлиқ ҳис қилмаётганида эмасми?
Зиёли деганда, менинг кўз олдимга Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода... тараққийпарвар зиёлилар синфини тарбиялаб етиштирган Исмоилбек Гаспринский келади.
Том маънодаги зиёли бўлиш учун, аввало, ватанпарвар, миллатпарвар, маърифатпарвар бўлиш керак, деб ўйлайман. Бугун биз зиёлиликнинг фақат бошланғич талабини бажаряпмиз. Илм ўрганяпмиз, илм қиляпмиз, илм ўргатяпмиз. Лекин бу етмайди. Биринчидан, жадид аждодларимиздан ўрнак олишимиз керак. Иккинчидан, миллатнинг қалбига етиб боришимиз зарур. Учинчидан, ватанпарварлигимиз ҳам ҳавас қиларли даражада эмас.
Бугун биринчи навбатда миллат зиёлисига ислоҳот зарур. Биз ўз-ўзимизни тафтиш қилишимиз керак. Ҳали Беҳбудийлар яшаган замондан жуда узоқлашиб кетганимиз йўқ.
Маҳмудхўжа Беҳбудий раҳнамолигидаги жадид зиёлиларимиз, биздан фарқли равишда, бутун умри, жони ва молини миллат тараққиёти учун сарфлади. Жадидлар ўз маблағлари ҳисобидан янги усул мактабларини очди. Ўқитувчиларга маош тайинлади, ўзлари дарсликлар ёзиб, чоп эттирди. Дунё ривожидан ортда қолмаслик учун газета ва журналларга асос солди. Илк театр очди. Саҳна асарлари ёзди. Бир сўз билан айтганда, азиз жонларини миллат ва маърифат йўлида қурбон қилишди.
Миллат ва мамлакат зиёлининг сўзига, даъватига эҳтиёж сезади. Чин зиёли миллатни ўз ортидан эргаштира олади, миллатни жаҳолатдан қутқаради.
Ўзбекистонга бугун зиёлилар, ватанпарварлар, миллатпарварлар керак, маърифатпарварлар ҳар қачонгидан ҳам зарур.
Зиёлини қўллаб-қувватловчи, унинг фикр-мулоҳазаларини эшитувчи давлат бор, Президент бор.
Таълимга ҳам, илм-фанга ҳам бугун зиёлилар, фидойилар етишмаяпти.
Мен зиёлиликни ватанпарварликсиз тасаввур қилолмайман. Ватанини, миллатини яхши кўрмаган инсон зиёли бўлолмайди.
Ватанни ким юксалтиради? Мамлакатни ким тараққий эттиради? Аввало, зиёли. Зиёлилар миллатнинг йўл бошловчиларидир. Бир мақсад, бир ғоя атрофида бирлаштирувчилардир. Миллат ва мамлакат манфаатини шахсий манфаатдан устун қўювчилардир.
Зиёлилар мамлакат мустақиллиги, тинчлиги борасида қайғурувчилардир. Алишер Навоий айтганидек, керак бўлса, бу йўлда жон берувчилардир.
Эркин Воҳидов бундан қарийб эллик йил олдин шундай ёзган эди:
Қуллуқ қил демасман. Юрт тупроғин ўп. Унга қуллар эмас, фидолар керак. Унинг сену мендек шоирлари кўп, Буюк элга энди даҳолар керак.
Исмоилбек Гаспринский «Таржимон» газетасининг 1883 йил 15-сонида босилган «Меҳнат ва тараққиёт» номли мақоласида шундай ёзади: «Мактабни, маорифни янгилаш керак, йўқса унга янги руҳ киритиш лозим. Бунинг учун миллатнинг рағбати, ҳимояти керак, бир сўз билан айтганда, ғоя, ҳаётбахш ғоя керак. Ва у бутун миллатнинг ақлу шуурига, феълу аъмолига ўтмоғи лозим. Шундагина у ҳаётий кучга айланади. Ғоясизлик, мақсадсизлик миллатни заиф қилади, уйқуга, турғунликка судрайди».
Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққуловнинг «Занжирбанд шер қошида» номли китобида келтирилган мана бу ҳикоят эътиборимни тортди.
Қадим замонларда бир юртга босқинчилар бостириб келибди. Қирғинбарот урушлардан сўнг юрт забт этилибди. Лекин халқнинг эрксевар фарзандлари босқинчиларга қарши курашларни тўхтатмабди. Шунда сотқинлар босқинчилар подшоҳига шундай дейишибди: «Пойтахтимизда улуғ олим бор, уни бутун мамлакат аҳли ҳурмат қилади, фикрлари қанчадан-қанча одамлар учун қоидадек гап, агар у қўлга олинса, мақсадга тез эришилади». Олим зудлик билан топтирилибди... Подшоҳ уни осмонларга кўтариб мақтабди, кўп ваъдалар берибди ва унга асосий ниятини билдирибди... «Йўқ, — дебди олим, — мен Ватаним, халқим эркига хиёнат қилмайман...» Бу — Навоий айтган «Илм ўрганмоқ — эътиқодни мустаҳкамламоқдир» сўзларининг далили ва исботидир.
Мустабид тузумнинг қаттол сиёсати авжига чиққан йилларда ҳам бизда довюрак, қўрқмас зиёлилар етишиб чиққан. Улар, энг аввало, Ватан ва миллат олдидаги бурчини англашган, ҳис этишган.
Академик Иброҳим Мўминов 1968 йилда «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» асарини яратди. Унинг Амир Темур шахсини илмий ўрганиш ташаббуси билан чиқиши илмий жасорат ва юксак ватанпарварлик фазилатининг ёрқин ифодасидир.
Ҳамид Сулаймонов 1946 йилда Алишер Навоий қўлёзмалари библиографиясини нашр этган. 1959 йилда «Бадое ул-бидоя», «Наводир ун-ниҳоя» девонлари қўлёзмаларини топиб, улар шоир томонидан тузилганлигини исботлаган. «Хазойин ул-маоний» танқидий матнини тузган. Франциядан «Девони Фоний» қўлёзмаларини топиб, олиб келган. 1965 йилда фотонусха асосида чоп қилдирган. Ҳиндистондан Ҳофиз Хоразмийнинг 2 жилдли «Девон»и фотонусхасини 1975 йилда Тошкентга олиб келиб, сўзбоши ёзиб, фанга маълум қилган.
Академик Яҳё Ғуломов Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва бошқа муҳим экспедицияларга раҳбарлик қилган. Хоразмнинг суғорилиш, деҳқончилик ва шаҳар маданиятининг шаклланиши ҳамда ривожланиш тарихи бўйича илмий ишлар олиб борган. Яҳё Ғуломов Ўзбекистонда тарих ва археология соҳалари бўйича илмий мактаб яратган. Биринчи ўзбек археологларини тайёрлаган. «Хива шаҳрининг ёдгорликлари», «Қуйи Зарафшон водийсида ибтидоий маданият ва суғорма деҳқончиликнинг пайдо бўлиши» каби асарлар ёзган. 4 жилдли «Ўзбекистон тарихи», 2 жилдли «Самарқанд тарихи», «Бухоро тарихи» каби асарларнинг муаллифидир.
Ҳамид Сулаймонов, Иброҳим Мўминов, Яҳё Ғуломов... чин маънодаги зиёлилар эди. Улар вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Азиз бошини кундага қўйишдан қўрқмаган юрт қаҳрамонларини Ватан ва миллат улуғлади, унутмади. Уларнинг маънавий жасорати туфайли халқимизнинг маънавий мероси ўзига қайтарилди. Тарихий адолат тикланди. Зиёлилар даъвати билан мустабид тузум пайтида ҳам миллий қадрият ва анъаналар, буюк тарих сақлаб қолинди.
Олим ҳақиқий зиёли бўлиши учун ўз илмини миллатга бериши, ўзи мансуб бўлган соҳа бўйича камида илмий мактаб яратиши, жаҳон илм-фани ютуқларини ўзлаштириши, ўзимизга олиб келиши, бу йўлда фидойилик кўрсатиши зарур.
Зиёлига биринчи қўйиладиган талаб — ҳалоллик, холислик, фидойиликдир.
Президентимиз хорижга сафарларида олимлар, шифокорлар, турли соҳа вакиллари, ёшлар билан учрашади. Уларни Ватанга чорлайди. Биргаликда юртни юксалтиришга чақиради. Уларнинг қалбида бир пайтлар сўнган Ватанга муҳаббатни уйғотади. Бу самимий мулоқотлар натижасида жуда кўплаб юртдошларимиз мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
АҚШнинг Далласдаги Техас университети профессори Анвар Зоҳидов шундай ёзади: «2023 йилда менга Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвонини берди. Бу мукофот жуда кўп ҳақиқатларни англатди. Аввало, Ватаним учун керак эканман. Гарчи ундан узоқда яшаган бўлсам ҳам, Ватаним мени унутмади. Нафақат унутмади, балки топди. Қайтадан кашф этди. Юрагимдаги соғинч чўғини оловга айлантирди. Буни Янги Ўзбекистон меъмори Президент Шавкат Мирзиёев амалга оширди. Четга чиқиб кетган инсонни қутлаган юртимдан, Юртбошидан қарздорман. Аллоҳдан сўрайман, менга яна ҳеч бўлмаганда 30 йил умр берсин. Билимимни халқим бахт-саодати, юксалиши йўлида сарфлайман. Бир сўз билан айтганда, Ватан олдидаги бурчимни Президент Шавкат Мирзиёев англатди».
Анвар Зоҳидов бугун Самарқанд давлат университетидаги Марказий Осиёда ягона бўлган Квант марказига илмий раҳбарлик қилмоқда. Ўзбекистон учун квант соҳаси мутахассисларини етиштириб бериш, квант мактабини яратиш борасида жонбозлик кўрсатмоқда. Ҳақиқий зиёли бўлиш учун балки Ватанда яшаш ҳам шарт эмасдир.
Асли Самарқанддан бўлган жаҳонга машҳур вирусолог олим, АҚШнинг Калифорния университети профессори, молекуляр вирусология лабораторияси директори Шароф Тугизов бугун Самарқанд давлат университетида ташкил қилинган лабораторияга раҳбарлик қилиб, замонавий мутахассислар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Зиёли бўлиш қийин, жуда катта машаққат. Бунинг учун инсон бутун умрини бағишлаши тақозо этилади. Минг афсуски, бунга ҳамма жазм қилавермайди. Бу Ватанга садоқатни талаб этади. Бу миллатни севиш йўлидир.
Бу менинг мутлақо шахсий фикрларим. Мулоҳазаларим билан ҳамкасбларимни зиёли бўлишга, миллатпарвар, маърифатпарвар, ватанпарвар бўлишга ундамоқчиман.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
ЎзА