Қашқадарёлик икки ўқувчи SAT имтиҳонида энг юқори натижани қайд этди
Қашқадарёлик ёшлар халқаро таълим майдонида юқори натижаларга эришиб, вилоятдаги таълим муассасаларида иқтидорли ўқувчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини намоён этмоқда.
Хусусан, Қарши шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Носиров Хушнудбек халқаро SAT имтиҳонида максимал – 1600 балл тўплади.
Эътиборлиси, бу Қашқадарёда мазкур халқаро имтиҳонда қайд этилган илк энг юқори натижа эмас. Аввалроқ Косон туман ихтисослаштирилган мактабининг 11-синф ўқувчиси Ҳалимов Муроджон ҳам SAT имтиҳонида 1600 балл тўплашга муваффақ бўлган эди.
Ушбу ютуқ давлатимиз раҳбари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилган. Президент иқтидорли ёшлар учун аниқ фанларни хорижий тилларда ўқитиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаган эди.
Бир вилоятдан икки нафар ўқувчининг халқаро миқёсдаги нуфузли имтиҳонда энг юқори натижани қайд этиши, аввало, ёшларнинг билим олишга интилиши, устозларнинг фидокорона меҳнати ва таълим соҳасида яратилаётган имкониятлар самарасидир.
Бундай ютуқлар Қашқадарёда илм-фанга қизиқувчи, халқаро майдонда рақобатлаша оладиган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири