Миллат юксалиши тафаккурдан бошланади
Зиёлилар жамиятнинг интеллектуал таянчи, миллий тараққиётнинг ғоявий етакчиси ва келажак авлод дунёқарашини шакллантирувчи муҳим кучдир.
Ҳар қандай мамлакат ва миллатнинг юксалиши, тараққиёти ҳамда халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши, аввало, унинг интеллектуал салоҳияти, маънавий қиёфаси ва жамиятда илм-маърифатга бўлган муносабат билан белгиланади. Бу жараёнда зиёлиларнинг ўрни ва иштироки беқиёсдир. Зеро, миллатнинг бугуни ва эртаси, энг аввало, унинг тафаккури, билимга интилиши ва яратувчанлик салоҳиятида намоён бўлади.
Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор «Ўзбекистон зиёлилари кенгаши»нинг ҳудудий йиғилишлари ўтказилаётгани мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Бу ташаббусни шунчаки навбатдаги мулоқот ёки тадбир сифатида эмас, балки миллий тараққиётнинг янги босқичида зиёлиларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини қайта англаш, уларнинг салоҳиятини умуммиллий мақсадлар йўлида сафарбар этишга қаратилган стратегик қадам сифатида баҳолаш лозим.
Бугун дунёда кечаётган геосиёсий жараёнлар, глобал ахборот маконидаги кескин рақобат, маданий таъсирлар ва қадриятлар трансформацияси ҳар бир миллат олдига ўзлигини сақлаш, миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва келажагини мустаҳкам асосларда қуришдек долзарб вазифаларни қўймоқда. Бундай шароитда фақат иқтисодий ислоҳотлар ёки технологик тараққиётнинг ўзи билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бунинг учун жамиятда юксак тафаккур, соғлом дунёқараш, мустақил фикрлаш ва маънавий барқарорликни шакллантириш зарур.
Айнан шу нуқтаи назардан, «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида ўтказилаётган мулоқотлар алоҳида аҳамият касб этади. Чунки бугун зиёлилардан нафақат ўз соҳасида муваффақиятли фаолият юритиш, балки жамиятдаги долзарб муаммоларга бефарқ бўлмаслик, янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқиш, ёш авлодни эзгу мақсадлар сари йўналтириш ҳамда мамлакат келажаги учун масъулиятни ҳис этиш талаб этилмоқда.
Мазкур мулоқотлар дунёда юз бераётган маданий, сиёсий ва технологик ўзгаришлар, шунингдек, қадриятлар трансформацияси шароитида миллий ўзликни сақлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, Янги Ўзбекистонни қуриш ва Миллий юксалиш даври сари дадил қадам ташлаш жараёнида зиёлиларнинг ўрни, ташаббускорлиги ва фаол иштирокини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Энг муҳими, ушбу жараёнларда зиёлиларнинг давлат ва жамият тараққиётидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда самарали фаолият юритиши учун муносиб шарт-шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, зиёлиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш масалалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилги сайловолди дастурида ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида илгари сурилган эди. Бугунги кунда бу ғоянинг амалий ифодаси сифатида зиёлилар билан тизимли мулоқот йўлга қўйилаётгани, уларнинг фикр ва таклифлари давлат сиёсати ҳамда жамият тараққиёти билан боғлиқ масалалар муҳокамасига жалб этилаётгани муҳим аҳамиятга эга.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги ўн йилликнинг мамлакатимизда «Миллий юксалиш даври» бўлиши белгилангани эса бу жараёнларга янада катта масъулият юклайди. Зеро, миллий юксалиш — бу фақат иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиши ёки инфратузилманинг ривожланиши эмас. Бу, энг аввало, инсон қадрининг юксалиши, жамият тафаккурининг ўзгариши, илм-фан ва инновацияларнинг ҳаётимиздаги ўрни мустаҳкамланиши, миллий ўзлик ва замонавий дунёқараш уйғунлигига эришиш демакдир.
Айнан шу улуғ мақсадни рўёбга чиқариш, мамлакатимизнинг илмий-интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ягона эзгу ғоя атрофида бирлаштириш бугунги мулоқотларнинг асосий мазмунини ташкил этмоқда.
Республикадан ташриф буюрган ва маҳаллий зиёлилар иштирокидаги муҳокамаларда инсон капиталини ривожлантириш, глобаллашув шароитида ёш авлоднинг мафкуравий ва рақамли иммунитетини шакллантириш, ахборот маконида соғлом муҳитни қарор топтиришнинг таъсирчан механизмларини йўлга қўйиш каби долзарб масалаларнинг муҳокама этилаётгани ҳам бежиз эмас.
Чунки бугунги ёшлар ахборотни қабул қилувчи оддий истеъмолчи эмас, балки рақамли маконнинг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Улар турли манбалардан улкан ҳажмдаги маълумотларни олади, бироқ ҳар доим ҳам ҳақиқат ва ёлғонни, холис ахборот ва манипуляцияни бир-биридан фарқлаш имкониятига эга эмас. Шу боис ёшларда танқидий фикрлаш, ахборотни таҳлил қилиш, мустақил хулоса чиқариш ва миллий манфаатларни англаш кўникмаларини шакллантириш бугунги маънавий-маърифий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири бўлиши керак.
Бу борада зиёлилар, олимлар, педагоглар, ижодкорлар ва жамоатчилик вакиллари зиммасига катта вазифалар юкланади. Зеро, ёшларнинг онги ва қалби учун кураш фақат таълим муассасалари ёки давлат ташкилотларининг вазифаси эмас. Бу бутун жамият, айниқса, ўз сўзи ва шахсий намунаси билан одамларга таъсир кўрсата оладиган зиёлиларнинг умумий масъулиятидир.
Шунингдек, мулоқотлар давомида оила, маҳалла ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат ва замонавий дунёқарашни уйғун шакллантириш масалаларига эътибор қаратилаётгани ҳам муҳимдир.
Бунда, айниқса, зиёлиларнинг жамиятдаги маънавий етакчилик ролини кучайтириш зарур. Чунки ёш авлодга миллий қадриятларни фақат тарғиб қилиш билан чекланиб бўлмайди. Уларнинг ҳаётий аҳамиятини замонавий мисоллар, илмий далиллар, ижодий ёндашув ва шахсий ибрат орқали намоён этиш лозим. Миллийлик ва замонавийликни бир-бирига қарама-қарши қўймасдан, уларни ягона тараққиёт мезони сифатида уйғунлаштириш бугунги зиёлилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Энг муҳими, Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилишлари фикр алмашиш билан чекланиб қолмасдан, аниқ ташаббуслар, амалий таклифлар ва натижадор ҳамкорлик майдонига айланиши керак. Ҳар бир ҳудудда мавжуд илмий, маърифий ва ижодий салоҳиятни аниқлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, жамиятни қийнаётган маънавий ва ижтимоий муаммоларга ечим топиш, илм-фан ва таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш каби вазифаларда зиёлиларнинг иштироки кенгайтирилиши муҳим.
Шу билан бирга, Кенгаш фаолияти орқали жамиятдаги долзарб масалалар юзасидан зиёлиларнинг холис фикри ва экспертлик хулосаларини эшитиш, илгари сурилган таклифларнинг амалий ижросини таъминлаш, уларнинг натижаларини жамоатчиликка етказиш тизимини шакллантириш мумкин. Бу эса зиёлилар билан давлат ва жамият ўртасидаги ишончли мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ишончим комилки, бугун бошланаётган мулоқотлар истиқболда мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият ва маънавият соҳалари ривожига янги суръат бағишлайди. Энг асосийси, улар зиёлиларни фақат маънавий-маърифий жараёнларнинг иштирокчиси эмас, балки миллий тараққиётнинг фаол ташаббускори ва интеллектуал етакчисига айлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Зеро, миллатни юксалтириш учун, аввало, унинг тафаккурини юксалтириш зарур. Тафаккур юксалган жойда илм-фан ривожланади, илм-фан ривожланган жойда тараққиёт бўлади, тараққиёт бор жойда эса миллатнинг буюк келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратилади.
Миллий юксалиш даврининг муваффақияти ҳам айнан шу омил — илмли, мустақил фикрлайдиган, миллий ўзлигини англаган ва мамлакат тақдири учун масъулиятни ҳис этадиган авлодни тарбиялашга боғлиқ. Бу эзгу мақсад йўлида зиёлиларимизнинг бирлашиши, ташаббускорлиги ва фаол иштироки эса Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Муҳаммадали Убайдуллаев
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Наманган вилояти бўлинмаси раҳбари