Зиёлилар – миллий юксалиш таянчи
Фарғона давлат университетида “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остида вилоят зиёлилари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, илм-фан, таълим, тиббиёт, адабиёт, маданият ва санъат, журналистика ҳамда бошқа соҳалар вакиллари, олимлар, ижодкорлар ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Мулоқотда мамлакат тараққиётида зиёлиларнинг илмий, интеллектуал ва ижодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, таълим сифатини ошириш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир давомида вилоятдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиниб, турли соҳалар ривожига хизмат қиладиган амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Айниқса, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, илм-маърифат ва китобхонликни кенг тарғиб этишда зиёлиларнинг ўрни ва масъулияти алоҳида таъкидланди.
[gallery-32501]
Мулоқот якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг республика йиғилиши муҳокамасига тақдим этилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА