Ватанга садоқат ва ҳарбий бурч масъулияти
Шимоли-ғарбий ҳарбий округда “Ўзбекистон армияси – кеча ва бугун” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари, ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари, Нукус ҳарбий прокурори, округ Фахрийлар кенгаши раиси, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирда миллий армиямизнинг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари, мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, армиянинг жанговар шайлигини ошириш, замонавий қурол-аслаҳа ва технологияларни жорий этиш, ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳорати ва билим-салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ватанга садоқат, ҳарбий бурчга масъулият билан ёндашиш, аждодлар жасоратига муносиб бўлиш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Мулоқот давомида ҳарбий хизматчилар оилаларида соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш, миллий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг аҳамияти таъкидланди.
[gallery-32479]
Тадбирда тинчлик ва осойишталик қадрига етиш, миллий армиямиз билан фахрланиш, Ватан ҳимоясига дахлдорлик ва келажак авлод олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиш ҳар бир фуқаро, айниқса, ҳарбий хизматчи учун муҳим экани қайд этилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА