Зиёлилар — давлат тараққиётининг асосий кучи
Ҳар қандай давлатнинг тараққиёти, аввало, унинг интеллектуал салоҳияти, илм-фан ва маърифат даражаси, жамиятдаги ижтимоий тафаккур ва янгиликка интилиш муҳити билан белгиланади. Бу жараёнда зиёлилар нафақат билим ва тажриба эгалари, балки жамиятнинг маънавий йўналишини белгилайдиган, ижтимоий фикрни шакллантирадиган ва миллий тараққиётга ғоявий замин яратадиган муҳим куч ҳисобланади.
Тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, буюк империяларнинг таназзули ёки юксалиши оддий тасодиф эмаслигини кўрамиз. Ҳар қандай давлатнинг чинакам қудрати олтин-валюта захиралари ёки улкан ҳудудлар билан эмас, балки миллатнинг фикрлайдиган онги, билими ва интеллектуал салоҳияти билан ўлчанади.
Ўзбек тарихида бу ҳақиқатнинг ёрқин мисоли бор. Соҳибқирон Амир Темур давлат ишларини амирлар ва доно кишилар билан маслаҳатлашиб юритган. Унинг забт этган шаҳарларидан меъмор, уста ва олимлар Самарқандга кўчирилиб, пойтахтнинг илмий ва маданий салоҳиятини оширган. Кейинчалик унинг набираси Мирзо Улуғбек шу муҳит асосида Самарқандда машҳур расадхонасини барпо этган.
Жаҳон тажрибасида ҳам шу қонуният кўринади. XV асрда Флоренцияда Медичилар сулоласи давлат маблағларини олим, файласуф ва рассомларга ҳомийлик қилишга йўналтирган. Натижада кичик бир шаҳар Уйғониш даврининг илмий ва маданий марказига айланган. Замонавий мисол сифатида эса Сингапурни олиш мумкин. Табиий ресурслари кам бу давлат таълим тизимига, илғор мутахассисларни жалб қилишга ва шаффоф бошқарувга таяниб, бугун дунёнинг энг илғор молиявий ва интеллектуал марказларидан бирига айланди.
Бугун табиий бойликларга бой, аммо инсон капиталига эътибор бермаган давлатлар ҳали ҳам хомашё етказиб беришда қолиб кетаётгани, таълим ва илмга таянган давлатлар эса жаҳон иқтисодиётида етакчи бўлаётгани кузатилмоқда. Демак, интеллектуал салоҳиятга қилинган сармоя энг узоқ муддатли ва барқарор инвестициядир.
Юртимизда ҳам сўнгги йилларда таълим, илм-фан ва инновацион иқтисодиётни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистонда ҳам бу йўналишда зиёлиларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 10–11 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида зиёлилар билан учрашувнинг ҳудудий йиғилиши ўтказилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғы Кенгесининг Раиси А.Орынбаев иштирок этиб, йиғилганларни очилиш муносабати билан табриклади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов зиёлилар билан ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ривожи, ёшлар тарбияси, илм-фан ва маданият масалалари бўйича фикр алмашди.
Бундай мулоқотлар зиёлиларнинг таклифларини ижро органлари билан боғлаш учун муҳим воситадир. Аммо салоҳият ўз-ўзидан амалий натижа бермайди. Зиёлиларнинг сўзи амалий ташаббусга, ташаббуси эса аниқ натижага айлангандагина, улар миллий юксалишнинг мустаҳкам таянчига айланади.
Хулоса қилиб айтганда, интеллектуал капитал ва зиёлилар қатлами ҳар қандай давлатнинг бош тараққиёт формуласидир. Тарих ва замонавий тажриба шуни кўрсатадики, инсон салоҳиятига киритилган ҳар бир сармоя келажакда кучли иқтисодиёт, барқарор жамият ва фаровон ҳаёт бўлиб қайтади. Бу йўлда ҳар бир зиёлининг масъулияти, фидойилиги ва ижодий ташаббуси миллий юксалишнинг асосий шартидир.
Руслан Еччанов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
маркази Қорақалпоғистон Республикаси
бўлинмаси бош мутахасиси.