Зиёли — миллат маънавияти ва тараққиётининг буюк таянчи
Ҳар бир миллатнинг тараққиёти, маънавий юксалиши ва келажаги, аввало, унинг зиёлилари, илм-фан ва маърифат аҳли билан чамбарчас боғлиқ. Зиёли — бу шунчаки маълумотли инсон эмас, балки жамиятнинг маънавий қиёфасини шакллантирувчи, халқни эзгуликка чорловчи, илм ва тафаккур орқали тараққиётга йўл очувчи фидойи шахсдир.
Тарихга назар ташласак, халқимизнинг бой маънавий мероси, илм-фан ва маданият соҳасидаги улкан ютуқлари замирида буюк мутафаккирлар, олимлар, шоирлар ва маърифатпарвар зиёлиларнинг беқиёс хизматлари турганини кўрамиз. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломалар нафақат ўз даврининг, балки бутун инсоният цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшганлар. Уларнинг илмий ва маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Зиёлиларнинг жамиятдаги энг муҳим вазифаларидан бири — илм-маърифатни тарғиб қилиш, ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтириш ва уларда мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантиришдир. Чунки илмли, кенг тафаккурли ва юксак маънавиятли авлодгина мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлай олади. Шу маънода, зиёли инсон ўз билими ва тажрибасини фақат шахсий манфаатлари йўлида эмас, балки халқ ва Ватан равнақи учун сарфлаши лозим.
Айниқса, бугунги глобаллашув ва ахборот оқими жадаллашган даврда зиёлиларнинг масъулияти янада ортиб бормоқда. Турли ғоявий таъсирлар, ёт қарашлар ва ахборот хуружлари кучайиб бораётган шароитда жамиятда соғлом фикр, холис муносабат ва маънавий барқарорликни таъминлашда зиёлиларнинг ўрни беқиёсдир. Улар жамиятда илмга ҳурмат, қонунга итоат, адолатга интилиш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат каби қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши зарур.
Шу билан бирга, зиёлилик мақоми муайян илмий даража ёки касбий мавқе билан чекланмайди. Зиёлилик, аввало, юксак ахлоқ, виждон, масъулият, ҳақиқатпарварлик ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғусида намоён бўлади. Ҳақиқий зиёли жамиятдаги муаммоларга бефарқ қарамайди, адолатсизликка нисбатан ўз муносабатини билдиради, эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ва ўз фаолияти билан бошқаларга ибрат бўлади.
Зиёлилар ва жамият ўртасидаги муносабат ҳам ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланиши керак. Жамият зиёлиларнинг илмий, ижодий ва маърифий фаолиятини қадрлаши, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаши муҳим. Айни пайтда зиёлилар ҳам халқнинг дарду ташвишларини англаши, жамият эҳтиёжларини чуқур ҳис қилиши ва ўз билим салоҳиятини умумий тараққиёт манфаатларига йўналтириши лозим.
Бугунги кунда янги Ўзбекистонни барпо этиш, унинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий тараққиётини таъминлашда зиёлиларнинг ўрни ва ҳиссаси беқиёсдир. Чунки ҳар қандай давлатнинг келажаги, аввало, унинг илм-фани, маърифати, маънавияти ва интеллектуал салоҳиятига боғлиқ.
Хулоса қилиб айтганда, зиёлилар — миллатнинг маънавий таянчи, жамиятнинг фикрий етакчилари ва келажак тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучидир. Қайси жамиятда илм аҳли қадрланса, фикр эркинлиги қўллаб-қувватланса ва маърифат устувор аҳамият касб этса, ўша жамиятда тараққиёт, адолат ва барқарорлик учун мустаҳкам замин яратилади.
Шуҳрат Бафаев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари