Зеленскийнинг дўстларидан бири коррупция ишида гумонланмоқда
Украина Президенти Владимир Зеленский маъмурияти атрофида янги коррупция можароси авж олмоқда: собиқ администрация раҳбари Андрей Ермак йирик коррупция терговида расман гумонланувчи сифатида тилга олинди.
Миллий коррупцияга қарши бюро ва Коррупцияга қарши махсус прокуратура маълумотига кўра, терговчилар томонидан 2021-2025 йиллар орасида Киев яқинидаги нуфузли кўчмас мулк лойиҳаси орқали қарийб 9 миллион евро “ювилгани” аниқланган.
Тергов ҳисоботида ноқонуний ҳаракат офшор компаниялар, нақд пул айланмаси ва сохта молиявий ҳужжатлар орқали амалга оширилгани қайд этилган. Гумонланувчилар қимматбаҳо хусусий саройлар ва SPA мажмуаси қуришни режалаштиргани айтилмоқда.
Маҳаллий ОАВ баёнотда тилга олинган шахс айнан Ермак эканини ёзмоқда. Гумондор журналистлар саволига қисқа жавоб бериб, тергов якунланмагунча изоҳ бермаслигини билдирган.
Кузатувчилар фикрича, бу иш Украина ҳукумати учун уруш давридаги энг оғир сиёсий зарбалардан бирига айланиши мумкин. Зеро, аввал ҳам Зеленскийга яқин бир неча амалдор ва собиқ ҳамкорлар жиноий терговга тортилган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА