Зеленский: “Дружба” қайта ишга тушади
Украина президенти Владимир Зеленский Россия нефтини Европага етказиб берадиган “Дружба” қувури апрель ойи охиригача қайта ишга тушишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда таъмирлаш ишлари якунига етаётган бўлиб, тизим яқин кунларда тўлиқ фаолиятни қайта тиклайди.
Мазкур қувур январь ойида Россия дрони ҳужуми оқибатида шикастланган эди. Шу сабаб Венгрия ва Словакия каби давлатлар РФ нефтидан вақтинча узилиб қолди. Бу эса минтақада энергия таъминотига жиддий босим ўтказди.
Венгриядаги янги сиёсий раҳбар Питер Мадьяр қувур имкон қадар тезроқ ишга туширилишини талаб қилди. Илгари ҳукумат ва айрим Европа давлатлари Киевни таъмир ишларини кечиктиришда айблаган, аммо Украина бу даъволарни рад этган.
Экспертлар фикрича, “Дружба” қувурининг қайта ишга тушиши Европа энергия бозори учун муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат нефть таъминотини барқарорлаштиради, балки нархлар босимини ҳам маълум даражада юмшатиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА