Кушнер: Россия Украина учун хавфсизлик кафолати лойиҳасини қабул қилди
– Менимча, биз русларни Украина учун ҳар қандай хавфсизлик кафолати НАТО низоми 5-моддаси асосида амалга оширилиши мумкинлигига муваффақиятли ишонтирдик, – деди АҚШнинг махсус элчиси Жаред Кушнер Берлинда бўлиб ўтган “Хоҳловчилар коалицияси” йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида. – Уларнинг мақсади уруш тугагандан кейин келажакда яна бир уруш бошланмаслигини таъминлашдир
Унинг таъкидлашича, Вашингтон агар АҚШ манфаатига хизмат қилса ва кенгроқ хавфсизлик тўпламининг бир қисми бўлса, Украинага НАТО низоми 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолати берилиши масаласини кўриб чиқишга тайёр.
Президент Владимир Зеленский ушбу мавзуга изоҳ берар экан, Украина ва АҚШ тегишли модда бўйича ҳимояни турлича тушунишини тан олди. Унинг фикрича, ушбу моделга кўра, АҚШ ва бошқа ҳамкорлар Яқин Шарқда бўлгани каби Украинада ҳам ўз базаси ва қўшинини жойлаштириши керак. Яъни, ўша давлатлар НАТО аъзоси бўлмаса-да, ўз ҳудудида ҳарбий базалар жойлаштирган.

– Мен учун бу 5-модданинг бир қисми: АҚШ ва Европа ҳамкор кучларининг мавжудлиги, базалар ташкил этилиши, – деди Зеленский журналистларга. – Бусиз тўртинчи ва бешинчи моддалар, яна бошқа жиҳатлар ҳақида гаплашиш мумкинми ё йўқми, амин эмасман. Ва иккинчи нуқта – эҳтимол, ҳатто энг муҳими: тажовузга қандай жавоб берилади? Ҳамкорларимиз нима қилади?
Россия давлат оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Украинага НАТО услубидаги хавфсизлик кафолати бериш ғоясига қарши чиққан.

“Интерфакс” агентлиги келтирган иқтибосга кўра, Рябков 5-моддага асосланган кафолат ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Украинанинг НАТОга квази аъзолиги ёки бу борада қандайдир “креатив ечим” излаш Россия учун номақбул эканини таъкидлаган. Яъни, Москва хавфсизлик кафолати масаласини биринчи навбатда миллий хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан кўриб чиқади. Қолаверса, Киевнинг НАТОга қўшилмаслиги ҳақидаги талаб қатъий равишда тан олингандан кейингина мазкур масала муҳокама қилиниши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА