Ўзбекистонда “LAVA” брендли мобиль телефон ишлаб чиқарилиши мумкин
Яқинда Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес-форумида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ва унинг таркибига кирувчи корхоналар вакилларидан иборат делегация ҳиндистонлик инвесторлар билан ўзаро манфаатли келишувларга эришган эди.
Яқинда Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес-форумида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ва унинг таркибига кирувчи корхоналар вакилларидан иборат делегация ҳиндистонлик инвесторлар билан ўзаро манфаатли келишувларга эришган эди.
“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ахборот хизматидан маълум қилишларича, ўтган даврда чет эллик инвесторлар билан доимий равишда амалий мулоқот ва музокаралар олиб борилган. Хусусан, бу сафар ҳиндистонлик тадбиркорлар “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясида бўлиб, юртимизнинг электротехника саноати соҳасидаги ютуқлари билан яқиндан танишди.
Ҳиндистоннинг машҳур “LAVA” компанияси вакилларининг юртимизга ташрифидан мақсад – Ўзбекистон бозорини ҳар томонлама ўрганиш, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш, хорижлик инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар билан яқиндан танишиш ҳамда бу орқали яқин келажакда янги инвестиция лойиҳаларини юртимизга татбиқ этишдан иборатдир.
“LAVA” бренди остида мобиль телефонлар ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари яқин келажакда Ўзбекистон билан электротехника саноати соҳасида амалий ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. Шунингдек, мазкур компания ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг тақдимоти ўтказилди.
Айтиш жоизки, “LAVA” бренди нафақат Ҳиндистон, балки хориж бозорларида ҳам ўз ўрнига эга. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган телефон, планшет, ноутбук каби электротехника маҳсулотлари юқори сифати, ўзига хос дизайни билан ажралиб туради. Чунки янги маҳсулотлар ташқи кўриниши устида компаниянинг 30 мингдан ортиқ мутахассислари изланишлар олиб боради.
Албатта, мазкур ҳамкорликнинг йўлга қўйилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, мазкур ташриф Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиб, стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди.