Бугунги тайёргарлик – эртанги барқарорлик
Қиш фасли яқинлашган сари аҳоли хонадонлари, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик билан барқарор таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Айниқса, иқлим шароити кескин бўлган Учқудуқ туманида бу борадаги тайёргарлик ишлари алоҳида масъулият ва пухта режалаштиришни талаб қилади.
Бугунги кунда “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ Учқудуқ филиали 432 та кўп қаватли уйдаги 9 минг 145 та хонадонда яшовчи 31 минг 223 нафар аҳолига, шунингдек, 15 та бюджет ташкилоти ва 16 та улгуржи истеъмолчига хизмат кўрсатади. Ушбу масъулиятли вазифаларни 146 нафар ишчи-хизматчи бажариб келмоқда.
– 1962 йилда қурилган қозонхонада бугунги кунда 6 та қозон мавжуд. Бу эса йиллар давомида шаклланган инфратузилмани асраб-авайлаш, унинг техник ҳолатини яхшилаш ва замонавий талаблар асосида янгилаб бориш заруратини янада оширади, – дейди филиал раҳбари Даврон Норқулов. - 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида филиал томонидан белгиланган режа асосида шаҳар иссиқлик тармоқларининг 1,4 км қисмини жорий таъмирлаш белгиланган эди. Амалда эса 1,431 км тармоқ таъмирланиб, режа 102 фоизга бажарилди. Таъмирлаш ишлари фақат қувурларни янгилаш билан чекланиб қолмади. Шаҳар иссиқлик маркази қозонхонасида ҳам қатор муҳим техник тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 1- ва 3-сонли қозонларнинг экономайзерлари қувурларидан 4,74 км қисми янгиланди. 2- ва 3-сонли сув иситиш қозонларида эса диаметри 60 мм бўлган 2,37 км қувур ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Қозонхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида 1-, 2- ва 3-сонли қозонларга тегишли ҳаво сўрувчи ва ҳаво берувчи насослар техник кўрикдан ўтказилиб, таъмирланди. Шунингдек, қозонларнинг таъминот узелларидаги 20 та зулфин ва жўмракларга техник хизмат кўрсатилиб, зарурлари янгиланди.

Иссиқлик тармоғини тўлдирувчи ва айлантирувчи насослар, уларнинг кириш-чиқиш зулфинлари ва қайтарма клапанлар ҳам техник кўрикдан ўтказилиб, таъмирланди. Хусусан, тармоқни тўлдирувчи насослар учун 6 та янги ишчи ротор ўрнатилди. Қозонхоналардаги иссиқ сув узатувчи секция қувурларининг 40 та зулфин ва жўмраклари ҳам таъмирланди.
Иссиқлик тизимининг ишончлилиги нафақат қозонлар ва қувурларнинг ҳолатига, балки фойдаланиладиган сувнинг сифатига ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис филиалда сувни кимёвий тозалаш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2-, 3-, 4- ва 5-сонли натрий-катионим фильтрларига 5 тонна КУ-2-8 маркали сув тозаловчи смола солинди. Шунингдек, мазкур тизимдаги 38 та кириш-чиқиш зулфинига техник хизмат кўрсатилиб, таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шаҳар марказий сув иситиш қозонхонаси ва иссиқлик тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 112,07 миллиард сўмлик йирик лойиҳа режалаштирилган. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши эскирган инфратузилмани янгилаш, иссиқлик энергиясини етказиб беришдаги йўқотишларни камайтириш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш учун муҳим имконият яратади.

Лойиҳа доирасида 2026-2027 йиллар давомида шаҳар бўйлаб жами 43,942 км янги иссиқлик тармоғини барпо этиш кўзда тутилган. Шундан 2026 йил якунига қадар 21,386 км тармоқ тортилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар эса 5,4 км янги ер усти иссиқлик тармоғи қуриб битказилди.
Яна бир муҳим йўналиш Учқудуқ туманида иссиқлик таъминотининг тўлиқ ёпиқ тизимига ўтиш масаласидир. Бу борада лойиҳалаш топшириқларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур вазифа Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2026 йил 27 июндаги 117-сонли баённомасида ҳам белгилаб берилган. Ёпиқ тизимга ўтиш иссиқлик таъминотининг технологик самарадорлигини ошириш, сув сарфини мақбуллаштириш ва тармоқдаги йўқотишларни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири