1,2 миллиард сўмлик тендер қонун бузилгани сабаб бекор қилинди
Рақобат қўмитаси томонидан “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ нинг бошланғич нархи 1,2 миллиард сўмдан ортиқ танлов савдоси бекор қилинди.
Қўмитанинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасига келиб тушган мурожаат юзасидан “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ ўрганилди. Ушбу ташкилот буюртмачилигида жамият ҳудуди ва биноларига реклама баннерлар ҳамда ёзувлар ўрнатиш ишлари учун бошланғич нархи 1,2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган танлов савдоси “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан назорат ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижасида, “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ҳолатлари аниқланди.
Юқоридагиларга мувофиқ, Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг қонунчилик талабларига амал қилиш юзасидан ўтказган текширув натижасига кўра “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ томонидан ўтказилган танлаш савдоси ихтиёрий равишда бекор қилинди.
Аниқланган қонунбузилишларнинг олди олиниши давлат маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишини таъминлайди, шу билан бирга тадбиркорлар учун очиқ ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА