Зарарли дозага тенг героин ашёвий далил сифатида олинди
Қорақалпоғистон божхоначилари Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармалари ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида А-380 халқаро автомобиль йўлида ҳаракатланаётган автомашина текширилди.
Натижада фуқаролардан героин моддасига ўхшаш ўрамлар, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишда фойдаланиладиган икки дона махсус трубка ва электрон тарози аниқланди. Шунингдек, хизмат ити ёрдамида автомобиль томининг люк қисмига яширилган яна бир ўрам топилди.
Экспертиза хулосасига кўра, аниқланган моддаларнинг соф оғирлиги 33,04 грамм героин эканлиги тасдиқланди. Эътиборлиси, шартли ҳисоб-китобларга кўра, 1 грамм героиннинг қиймати 3 миллион сўмдан баҳоланганда, аниқланган 33,04 грамм модданинг умумий қиймати 99 миллион 120 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, ушбу миқдор 560 дан ортиқ шартли истеъмол дозасига тенг бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири