Зарафшонда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Зарафшон шаҳрида бўлиб, амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди.
Айни пайтда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган янги ва устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Лойиҳаларда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, шаҳар инфратузилмасига мос замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва бизнес марказларини ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун экотуризм, маданий ва кўнгилочар зоналарни барпо этиш, аҳоли, хусусан, ёшлар учун янги ва доимий иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Лойиҳалар тақдимоти давомида вилоят раҳбари ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги, амалга ошириш муддатлари ҳамда яратиладиган янги иш ўринлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Вилоят ҳокими “Баҳор” маҳалласида қад ростлаётган “Zarafshon Mall” савдо-кўнгилочар мажмуасининг қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Умумий майдони 19 минг квадрат метрни ташкил этувчи ушбу муҳташам мажмуа фойдаланишга топширилгач, шаҳардаги энг йирик ва замонавий савдо ҳамда ҳордиқ чиқариш масканларидан бирига айланади.

Лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос келувчи савдо дўконлари, халқаро брендлар расталари, умумий овқатланиш шохобчалари ва аҳолига турли йўналишларда хизмат кўрсатувчи замон талабларига мос нуқталар жойлаштирилиши кўзда тутилган.
“Zarafshon oyna” МЧЖда эса корхонада янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда янги замонавий бино қуриш лойиҳалари тақдимот қилинди.
Бугунги кунда жамиятда умумий қиймати 180 миллион доллар бўлган “Кальцинацияланган сода ишлаб чиқаришни ташкил этиш” йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида ажратилган 29 гектар майдонда ерни текислаш, режалаштириш ва котлован ишлари тўлиқ якунланиб, ишлаб чиқариш цехининг металл каркаслари ўрнатиб бўлинди.

Ҳозирда объектнинг бош режаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш белгиланган режа асосида давом этмоқда.
Лойиҳа 2028 йилнинг декабрь ойида ишга туширилади. Натижада корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиши билан бирга 500 та янги иш ўрни яратилади.
Вилоят раҳбари лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш, шунингдек, инвесторлар учун барча зарур ва қулай шароитларни яратиш бўйича мутасаддилар ва тадбиркорларга тегишли тавсия ҳамда топшириқлар берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири