Чехия билан сифат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги делегацияси Чехия Республикасига амалий ташриф доирасида Прага шаҳрида мамлакатнинг сифат инфратузилмаси соҳасидаги етакчи ташкилотлари раҳбарияти билан қатор учрашувлар ўтказди. Музокараларда икки давлат ўртасида стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш ва илмий-инновацион ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров бошчилигидаги делегация Чехия стандартлар, метрология ва синовлар идораси (UNMZ), Чехия метрология институти (SMI) ҳамда Қурилиш техник ва синов институти (TZÚS) раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида глобал иқтисодий интеграция шароитида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштириш, ички бозорни сифатсиз ва инсон саломатлиги учун хавфли маҳсулотлардан муҳофаза қилиш, Европа Иттифоқининг самарали бозор назорати тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш ҳамда миллий сифат инфратузилмасини ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, энергия тежамкор ва «яшил» қурилиш материаллари ҳамда лифт ускуналарининг Европа ва халқаро стандартлар асосида мувофиқлигини баҳолаш амалиёти ўрганилди.
Учрашувда Чехия томони Ўзбекистоннинг 2027 йилдан Халқаро электротехника комиссияси (IEC)нинг тўлақонли аъзоси бўлиши, шунингдек, 2026 йил 13 апрелдан Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси (BIPM)га тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинганини юқори баҳолади. Бу мамлакатимизга BIPMнинг қўмита ва кенгашлари йиғилишларида иштирок этиш, овоз бериш ҳамда ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқини беради.
Музокаралар якунида мутахассисларни Чехияда малака оширишни йўлга қўйиш, метрология соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Чехия метрология институти (SMI) билан ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.

Таъкидланишича, мазкур келишувлар юқори малакали кадрлар тайёрлаш, миллий эталонларни халқаро даражада таққослаш, рақамли метрологияни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон миллий сифат инфратузилмасини Европа стандартлари даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА