Ўзбекистон чегараларида юклар оқими 3,5 баробарга ошди
Тошкент вилоятидаги «Яллама» чегара божхона пости бугун нафақат мамлакатнинг ташқи савдо дарвозаларидан бири, балки Ўзбекистонда амалга оширилаётган транспорт-логистика ва божхона соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини намоён этаётган муҳим нуқталардан бирига айланди.
Божхона қўмитаси ва Транспорт вазирлиги ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун мазкур чегара постига туташ ҳудудда жойлашган замонавий божхона терминалига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида журналистларга ташқи савдо юкларининг давлат чегараси орқали тезкор ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, ташувчилар учун яратилган қулайликлар, рақамли технологиялар асосида жорий этилган янги хизматлар ҳамда халқаро юк ташувлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Маълум қилинишича, кейинги йилларда мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг ўсиши чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган транспорт воситалари сонининг кескин ортишига ҳам хизмат қилди. Агар 2017 йилда республика чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланган юк автотранспорт воситалари сони 310 мингтага ҳам етмаган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 1 миллион 100 мингтадан ошиб кетди. Бу эса ташқи иқтисодий алоқалар кенгайиб, мамлакатнинг минтақавий логистика марказига айланиб бораётганидан далолат беради.
Хусусан, Қозоғистон билан чегарада жойлашган «Яллама» чегара божхона пости орқали жорий йил бошидан буён қарийб 200 мингта юк автотранспорт воситаси ҳаракатланган. Бошқача айтганда, бу ерда ҳар куни ўртача 1000 тагача юк автомашинаси божхона назоратидан ўтмоқда. Бу кўрсаткич постнинг мамлакат ташқи савдосидаги стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган халқаро юк ташувларининг 34,5 фоизи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги беш йилда мазкур йўналишда ташилган юклар ҳажми 2,2 баробарга ошгани эса автомобиль транспортининг иқтисодиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Соҳада хусусий секторнинг иштироки ҳам сезиларли даражада кенгаймоқда. Агар аввал халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи автокорхоналар сони 1,5 мингта атрофида бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони қарийб 2,5 мингтага етди. Шунингдек, мазкур йўналишда фойдаланилаётган юк автотранспорт воситалари сони 14 мингтадан 29 мингтага ошди.
Пресс-тур давомида қайд этилганидек, тадбиркорлар ва миллий ташувчилар томонидан илгари сурилган таклифлар асосида Божхона қўмитаси ҳамда Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қатор ташаббуслар давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди. Жумладан, 2026 йил 7 июлда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2028 йилга қадар ишлаб чиқарилганига беш йилдан ошмаган юк ташишга мўлжалланган автотранспорт воситалари божхона божи ҳамда утилизация йиғимидан озод этилди.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур имтиёзлар миллий ташувчиларнинг харажатларини қисқартириш, автопаркни замонавий техника билан янгилаш, экспортёрлар учун логистика хизматлари таннархини пасайтириш ҳамда мамлакат транспорт-коммуникация тармоғининг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда божхона соҳасида амалга оширилаётган рақамлаштириш, хавфларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш ва чегараларда транспорт оқимини тезлаштиришга қаратилган ислоҳотлар ташқи савдо иштирокчилари учун вақт ва молиявий харажатларни қисқартиришга хизмат қилмоқда.
«Яллама» чегара божхона пости фаолияти мисолида кўриш мумкинки, транспорт ва логистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ташқи савдо ҳажмини ошириш, балки Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги йирик транспорт-логистика хаби сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА