Замоннинг санъатга таъсири-ми бу?
Биз анъанавий санъат турларига кўникиб қолганмиз. Ҳолбуки, замон ўзгариши билан санъат турлари ва уларни яратиш услублари ҳам янгиланиб бормоқда.
Фарғоналик санъаткор Ғиёс Болтаев номи мамлакат тасвирий санъат ва ҳайкалтарошликда тез танилди. Унинг мойбўёқда чизган пейзаж ва портретлари илгари илғаб олинмаган чизгилар билан мутахассис ва санъат мухлисларини ўзига тортди.

– Тасвирий санъатда аёллар сиймосини яратишни ёқтираман, – дейди ҳайкалтарош–рассом Ғиёс Болтаев. – Айниқса, тарихий шахслар, момоларимиз портретларини ҳамда абстракт йўналишда ҳам суратларни чизаман. Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий каби асарларим анча тилга тушган. Тунлари билан расм чизиб, икки-уч кунлаб ухламас эдим. Ҳатто, қаҳрамоним тушларимга кириб чиқар эди. Яна уйғониб расм чизишда давом этардим. Ҳайкал ясаш эса кейинчалик ижодий муҳаббатимга айланди.
Рассом ҳар бир асарида қаҳрамони ҳақида ҳикоя қилибгина қолмай, унинг фикр-ўйи билан яшайди ва қаҳрамонининг дунёқарашини ўзига хос чизгиларда тасвирлашга ҳаракат қилади.

Ҳамиша фаромуш юрган инсонни учратганда ҳа, у ижодкор бўлса керакда, деймиз. Ғиёсжон ҳам шундай. Яқинда у рассомлик билан бирга яна бир замонавий ижод тури – металл ҳайкалтарошлигига ўзини бахш этди.

– Ёшлигимдан ҳаракатланувчи роботлар, машина, комбайнлар ясар эдим. Ҳозирда ўша қизиқишим сабаб, турли хил чиқит деталлардан ҳайкаллар ясаяпман. Кейинчалик уларни ҳаракатлантириб, робототехника йўналишида ҳам ўзимни синаб кўраман, – дейди Ғиёс Болтаев.
Унинг темир-терсак, турли деталь чиқитлардан ясаган ҳайкаллари яқинда мамлакат кўригида мукофотга лойиқ кўрилди. Мутахассисларнинг фикрича, у ноёб истеъдод эгаси.

– Рассом ва ҳайкалтарош Ғиёс Болтаев айниқса, абстракт ва авангард йўналишида жуда иқтидорли. Масалан, ёнғин тасвирланган суратда, Ватанни йўқотиш, оиладан ажралиш каби фалсафий маъноларни ўқиш мумкин. Келгусида ундан умидларимиз катта ва бунга ишонамиз, – дейди Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Любов Семизорова.
Ғиёс Болтаевнинг турмуш ўртоғи Малика Болтаева ҳам таниқли рассом ва бир қатор кўргазмалар ташкил этган. Буни қарангки, уларнинг икки қизлари ҳам ота-она изидан бораётган тасвирий санъат шайдолари.

– Турмуш ўртоғимни биринчи танқидчи, десам бўлади. Мен уларни устоз сифатида қадрлайман. Ҳар бир маслаҳатларига қулоқ соламан. Баҳслар натижасида яратилган ҳар бир асар янада мукаммал бўлиши эса айни ҳақиқат, – дейди Малика Болтаева
Фарғоналик рассом, ҳайкалтарош Болтаевлар оиласининг ижод маҳсулотлари хорижий кўргазма залларига ҳам йўл олди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QO2RHpAj_dQ" title="Zamonning san’atga ta’siri-mi bu?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА