Замонлар оша янграётган наволар
«Туркистон» саройида миллий ва жаҳон кино мусиқаларига бағишланган унутилмас мусиқий оқшом.
Концерт – бу шунчаки қўшиқ ва рақслар намойиши эмас. Унда созандалик санъати, юксак ижро маҳорати, саҳна маданияти ва мусиқий тафаккур ўзига хос уйғунлик касб этади. Ҳар бир чолғу садоси, ҳар бир куйнинг оҳанги тингловчи қалбига йўл топиб, уни хаёллар оламига етаклайди. Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида бўлиб ўтган «Замонлар оша» номли концерт дастури ҳам ана шундай юксак бадиий таассуротларга бойлиги билан эътиборни тортди.
Мазкур мусиқий оқшомда Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамблининг миллий чолғу ижрочилари жамоаси миллий ва жаҳон кинофильмларида янграган энг сара мусиқа намуналарини мухлислар эътиборига ҳавола этди. Концерт дастури орқали томошабинлар кино санъати тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган куйлардан баҳраманд бўлиш, таниш оҳангларнинг жозибасини жонли ижрода ҳис этиш имконига эга бўлдилар.

Концерт дастурининг уч қисмдан иборат этиб тузилгани мусиқий оқшомга алоҳида мазмун ва яхлитлик бағишлади. Унда миллий кино санъатимиздан бошланган мусиқий саёҳат улуғ санъаткор хотирасига эҳтиром ва жаҳон киноси дурдоналарига бағишланган ижролар билан давом этди. Ҳар бир қисм ўзининг бадиий йўналиши, мусиқий руҳияти ва мазмуни билан ажралиб турди.
Дастурнинг биринчи қисми ўзбек кино санъатида ўчмас из қолдирган фильмлар мусиқаларига бағишланди. “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Дилбарим”, “Тўйлар муборак” каби фильмларимизда янграган, халқимиз қалбидан чуқур жой олган куйлар жонли ижрода қайта садо бериб, томошабинларни таниш ва қадрдон оҳанглар оламига етаклади. Зеро, ўзбек киноси мусиқаларида халқимизнинг миллий руҳи, орзу-интилишлари, қувонч ва кечинмалари ўзининг бетакрор ифодасини топган.

Кино мусиқасининг ўзига хос жиҳати шундаки, у фильм воқеаларини шунчаки безабгина қолмай, қаҳрамонларнинг ички кечинмалари, асарнинг руҳияти ва драматик ҳолатларини ҳам очиб беради. Баъзан биргина куй инсон хотирасида бутун бошли фильм манзараларини жонлантиради. Шу боис кино асарлари учун яратилган мусиқалар вақт ўтгани сари ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди, аксинча, янги авлод тингловчилари қалбидан ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
Концертнинг иккинчи қисми эса алоҳида маънавий аҳамият касб этди. У Ўзбекистон халқ артисти, моҳир доирачи, «Баҳор» давлат рақс ансамблида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ўзининг юксак ижрочилик маҳорати ва санъатга садоқати билан ҳурмат қозонган Қаҳрамон Дадаевнинг порлоқ хотирасига бағишланди. Бу йил таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланаётган улуғ санъаткорни ёд этиш мусиқий оқшомга ўзгача руҳ, чуқур эҳтиром ва самимий туйғулар бағишлади.

Қаҳрамон Дадаев номи ўзбек миллий чолғу ижрочилиги, хусусан, доира санъати билан чамбарчас боғлиқ. Унинг санъатга бағишланган умри, миллий мусиқий меросимизни асраб-авайлаш ва унинг шуҳратини юксалтириш йўлидаги фидокорона меҳнати санъатсеварлар хотирасида муносиб ўрин эгаллаган. Моҳир доирачининг ижодий фаолияти, саҳнадаги ўзига хос маҳорати ва миллий санъатимиз ривожига қўшган ҳиссаси бугун ҳам эъзозга лойиқ.
Шу маънода, санъаткор хотирасига бағишланган ушбу қисм нафақат ўтмишни ёд этиш, балки миллий ижрочилик мактабига бўлган юксак эҳтиром ифодаси сифатида ҳам аҳамиятли бўлди. Қаҳрамон Дадаев сингари ўз ҳаётини санъатга бағишлаган устозларни хотирлаш эса ёш авлодда миллий қадриятларимизга ҳурмат ва санъатга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дастурнинг учинчи қисмида эса жаҳон кино санъатининг энг сара намуналарида янграган мусиқалар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Турли мамлакатлар ва мусиқий анъаналарга мансуб куйларнинг бир саҳнада жамланиши концертнинг бадиий қамровини янада кенгайтирди. Улардаги бетакрор оҳанглар, ҳиссий теранлик ва мусиқий ранг-баранглик тингловчиларга жаҳон киноси мусиқий оламининг жозибасини ҳис этиш имконини берди.

Бу жараёнда созандаларнинг ижро маҳорати алоҳида аҳамият касб этди. Чунки таниш куйни жонли ижрода қайта яратиш, унинг асл руҳини сақлаган ҳолда тингловчига янги таассурот бағишлаш катта масъулият ва маҳорат талаб қилади. Ҳар бир чолғунинг ўз овози, ўз табиати бор. Ана шу овозларни ягона мусиқий яхлитликка бирлаштириш эса жамоавий ҳамжиҳатлик, ўзаро уйғунлик ва юксак ижрочилик маданияти билан чамбарчас боғлиқ.
Концертда мусиқа тилининг чегара билмас имкониятлари ҳам намоён бўлди. Турли даврлар ва мусиқий мактабларга мансуб асарларнинг бир саҳнада жамланиши тингловчиларга ранг-баранг бадиий оламни тақдим қилди. Миллий кино мусиқаларидаги самимият, халқона оҳанглар ва қалбга яқинлик жаҳон кино санъати намуналарига хос кенг қамровлилик, драматизм ва мусиқий ранг-баранглик билан уйғунлашди.
Мусиқий оқшомнинг яна бир эътиборли жиҳати — унда миллий санъатимиз анъаналарига бўлган эҳтиромнинг сезилиб туришидир. Мукаррама Турғунбоева номи билан боғлиқ «Баҳор» давлат рақс ансамбли ўзбек саҳна санъати тарихида алоҳида ўринга эга. Ушбу жамоанинг мусиқий ижрочилик йўналишидаги фаолияти ҳам миллий санъатимизнинг турли қирраларини намоён этишга хизмат қилади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири