Замонавий ветеринарияни ривожлантиришга инновацион ишланмалар кенг татбиқ этилади
Тошкент давлат аграр университетида “Барқарор чорвачилик ривожида ветеринария илм-фанининг ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Халқаро анжуманда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари С.Абдукаримова, профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган университетнинг ҳамкор олимлари, шунингдек, халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.
Конференцияда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чорва ҳайвонлари саломатлигини асраш ва уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, замонавий ветеринария хизматларини ривожлантириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш ҳамда илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция доирасида ветеринария соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш, замонавий технология ва ёндашувларни амалиётга жорий этиш, шунингдек, олимлар ва соҳа мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида ветеринария соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ҳамда чорвачилик тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА