Ветеринария ва чорвачилик соҳасининг долзарб масалалари муҳокама қилинди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ташаббуси билан “Ветеринария медицинаси ва чорвачиликдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида халқаро илмий ва илмий-техник конференция бўлиб ўтди.
Ўзаро тажриба алмашиш, ҳудудий муаммоларни халқаро миқёсда муҳокама қилиш ва ветеринария ҳамда чорвачилик соҳаларининг истиқболли йўналишларини белгилашга қаратилган анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши вакиллари, соҳага масъул ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистон олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Туркия, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон, Хитой ва Россия Федерациясидан етакчи олимлар, тадқиқотчилар ҳамда илмий муассасалар вакиллари бевосита ва онлайн тарзда иштирок этди.
Конференция кун тартибидан ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва эрта ташхислаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, яйлов ресурсларидан оқилона фойдаланиш, биотехнологик ишланмаларни ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби соҳанинг энг долзарб масалалари ўрин олди.
[gallery-32513]
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар конференциянинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритиб, ветеринария медицинаси ва чорвачилик соҳаларида илмий тадқиқотларнинг амалий аҳамияти, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш масалаларига алоҳида тўхталишди. Конференциянинг ялпи мажлисида турли мамлакатлар олимлари ветеринария ва чорвачилик соҳаларида олиб борилаётган илмий изланишлар, тадқиқот натижалари ва инновацион ёндашувларга бағишланган маърузаларини онлайн ва офлайн шаклда тақдим этди.
Халқаро конференциянинг Нукус шаҳрида ўтказилиши Қорақалпоғистон учун ҳам алоҳида мазмун касб этади. Ҳудуднинг табиий-иқлим шароити, яйлов ресурслари ва чорвачилик тармоғининг ўзига хос хусусиятлари ветеринария хизмати сифатини ошириш, чорва моллари саломатлигини таъминлаш ва тармоқ самарадорлигини юксалтиришда илмий асосланган ёндашувларни тақозо этади.
Хусусан, чорвачилик самарадорлигини ошириш, яйловлардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонлар орасида учрайдиган касалликларнинг олдини олиш, ветеринария профилактикаси ва ташхислаш тизимини такомиллаштириш ҳудуд учун долзарб йўналишлар саналади. Шу жиҳатдан, хорижий олимлар томонидан тақдим этилган тадқиқотлар маҳаллий муаммоларни халқаро тажриба билан қиёсий ўрганиш, илғор ишланмаларни ҳудуд шароитига мослаштириш ва мутахассислар ўртасида илмий алоқаларни кенгайтириш имконини берди.
Айниқса, яйловларни тиклаш ва уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, чорва моллари касалликларини эрта аниқлаш, ветеринария-санитария назоратини кучайтиришга оид илмий ёндашувлар Оролбўйи чорвачилиги учун амалий қийматга эга. Бу борада илмий тадқиқот натижаларини фермер ва чорвачилик хўжаликлари фаолиятига татбиқ этиш, илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам конференциянинг асосий мазмунидан ўрин олди.
Анжуманнинг яна бир эътиборли жиҳати Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали томонидан халқаро илмий конференцияларнинг ҳар йили мунтазам ташкил этиб келинаётганидир. Бу анъана орқали филиалда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида доимий илмий мулоқот муҳити шаклланиб, халқаро олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик алоқалари изчил кенгаймоқда.
Бундай учрашувлар Қорақалпоғистонда олиб борилаётган илмий изланишларни халқаро миқёсда танитиш, маҳаллий тадқиқотчиларнинг тажрибасини бойитиш, қўшма илмий тадқиқотлар ва академик алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, хорижий олимлар билан бевосита мулоқот талабалар, магистрантлар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун янги илмий қарашлар, замонавий тадқиқот усуллари ҳамда халқаро тажриба билан танишиш имкониятини яратмоқда.
Конференция иши бешта шўъба доирасида давом этди. Уларда ветеринария медицинаси ва ҳайвонлар саломатлиги, чорвачилик ва ҳайвонлар маҳсулдорлиги, биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, шунингдек, олий таълим ва касб-ҳунар таълими соҳасида халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишларида олимлар ва тадқиқотчилар ўз илмий натижаларини тақдим этиб, соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва келгуси тадқиқотлар йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, хорижий меҳмонлар филиалнинг ўқув лабораториялари билан танишиб, таълим ва илмий тадқиқотлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирдилар. Бу йилги анжуман соҳа мутахассисларини бирлаштириб, ҳудудий эҳтиёжлар билан халқаро илмий тажриба ўртасидаги боғлиқликни янада яққол намоён этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА