“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан журналистлар ва блогерлар учун соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича пресс-тур ўтказилди.
Дастлаб “Ангрен кўмир кони” филиалининг марказий диспетчерлик пунктида матбуот анжумани ташкил қилинди ва унда “Ўзбеккўмир” АЖ бош геологи Эркин Жўраев, техник бўлим бошлиғи Роберт Еникеев, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология бўлими бошлиғи Анвар Абдураҳимов ва бошқалар амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда иқтисодиёт ривожланиб, аҳоли сони ошгани сайин энергияга бўлган талаб ҳам ортмоқда. Бу эҳтиёжни қондириш учун барча энергия ресурслари билан бир қаторда кўмир қазиб олиш ҳам кўпаймоқда. Охирги беш йилда мазкур хомашёни қазиб олиш йилига 4 миллион тоннадан 6 миллион 200 минг тоннагача ошди. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиздаги кўмир захиралари 2 миллиард тоннага яқин.
Давлатимиз раҳбари ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини изчил ошириш вазифасини қўйган эди. Шуни эътиборга олиб, “Ўзбеккўмир” АЖда ушбу вазифаларни бажариш учун энг аввало, кон устки қатламини очиш ишларини жадаллаштириш, бунинг учун мавжуд техника паркини янгилаш тақозо этилади. Шу мақсадда янги ва энг замонавий, серунум кон техникалари харид қилиш мақсадида 2023 йили ҳукумат кўмаги билан 77,1 миллион долларлик лизинг шартномалари имзоланди.
Ҳозиргача ушбу шартномалар асосида Японияда ишлаб чиқарилган 44 дона (юк кўтариш қуввати 90 тонна бўлган) “Каматсу” самосвали, 6 та занжирли бульдозер, 2 дона 6 кубометрли автоюклагич, учта “КамАЗ”, учта “УАЗ” русумли автомашиналар харид қилинди. Ушбу кон техникаларининг дастлабки партияси йиғилиб, бирин-кетин ишга туширилмоқда ва улардан “Ангрен” кўмир конида кенг фойдаланилмоқда.
Матбуот анжуманидан сўнг журналистлар “Автомобиль-технологик транспорти” филиали технопаркида мазкур янги кон техникалари ва уларнинг техник имкониятлари билан танишди. Мутахассислар билан суҳбатда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
– Кондаги барча техникаларнинг соз ҳолатда ишлаши учун 800 нафар мутахассисимиз бор имкониятларни ишга солмоқда, – дейди технопарк бўлим бошлиғи Абдураим Райимов. – Олиб келинаётган янги техникаларга зарур ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмлар харид қилинмоқда. Кон ҳудудидаги технологик йўллар кенгайтирилиб, янги машиналар ҳаракатланиши учун мослаштирилмоқда.
Акциядорлик жамиятида мавжуд техника паркини янгилаш ортидан жорий йилда кон устки қисмини очиш ишларини 48,6 миллион куб метрга етказиш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари “Ангрен” очиқ конида бўлиб, янги кон техникаларининг иш жараёни билан ҳам танишди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири