Замонавий таълим энг аввало фундаментал яъни классик таълимга асосланган, замонавий талаблар ва соҳага тегишли инновацион педагогик технологиялар асосида ишлаб чиқилган аниқ мақсад ҳамда стратегик режа асосида амалга оширилади, десам муболаға бўлмайди. Назаримда, бугунги замонавий таълим мазмунида узоқ шарқ мамлакатларига тақлид ҳолати кузатилмоқда. Аслида бу ғоя ХХ аср бошларидаги Жадидлар фалсафасининг таҳлилчилари бўлган маърифатпарварлар тадқиқотида яққол кўзга ташланади.

Жумладан, маърифатпарвар Аҳмад Дониш, Муқимий, Фурқат, Убайдулла Завқий, Муҳаммад Баёний, Абай Қўнонбоев, Чўқон Валихонов, Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Беҳбудий таълимдаги ислоҳотнинг ҳассос тарафдор сифатида улар боши берк кўчадан чиқишнинг йўлини фақат маърифатда, эмас туркий халқлар бирлигида деб ҳисоблашган.
Нажотни илмда, фаровон турмушни маърифатда, сокин жамият пойдеворини таълим-тарбия уйғунлиги муштараклигида кўрган маърифатпарвар боболаримизнинг ўлмас ғоялари янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари замирида тобора мустаҳкам аҳамият касб этяпти. Соғлом, жисмонан ва маънан баркамол фарзандларни тарбиялаш, иммунитетида ҳалоллаш, поклик вакцинасини сингдириш, миллий-маънавий меросни дунё илмларини ўзлаштириш асносида тарғиб этиш учинчи Ренессансга қадам қўяётган авлоднинг ҳаётий тамойилига, яшаш мазмунига айланмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали мутахассислар, профессионал спортчилар, билим, кўникма ва юқори тажрибага эга бўлган вакилларни тайёрлаш, жаҳон, Олимпиада, Осиё ва нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этадиган спортчиларни етиштириш, салоҳиятли ёш спортчиларни танлаш, саралаш ва уларга етарлича шароит яратиш спорт таълимидаги илмий-ижодий янгиланишлардан, спорт илм-фанидаги интеграциялашувдан хабардорликни талаб этади. Мазкур соҳанинг вакили ўлароқ, бугунги спорт таълими дунёнинг етакчи мамлакатлари каби ислоҳотларга, илмий асосланган ўзгаришларга, муҳтож.
Спорт таълимида охирги 5 йил ичида бир қатор ижобий ўзгаришларни кузатиш мумкин. Аммо бу ўзгаришларнинг барчасини эски тизимнинг энерцияси сифатида қабул қилсак муболаға бўлмайди. Бугунги Ўзбекистонга ислоҳотлар остонасида спорт таълимини янги босқичга олиб чиқиш, унга янгича ёндашув ва инновацион педагогик технологияларни қўллаш замон талабидир. Таълим сифатини тубдан яхшилаш учун энг аввало фикрлашимизни ўзгартиришимиз, бугун ёки эртага нима бўлишини эмас аксинча беш, ўн йилдан кейин спорт таълими қай аҳволга тушишини англашимиз даркор. Бунинг учун биз яқин келажакда мутахассис бўлиб етишадиган талабаларимизни билим олиш ва спорт машғулотлари билан шуғулланиш шароитларига чуқур эътибор қаратишимиз зарур.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2022-йил 3-ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-414 сонли Қарори мазкур соҳа сифатини янги босқичга кўтаришнинг ҳуқуқий асосларини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек университетни ривожланиш стратегиясини ҳам белгилаб берди. Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг илмий салоҳияти 2022 йилдаги 28.3% дан, 2023 йилда 35,1% кўтарилди. Университетда DSc.03/30.2019.PhD.28.01 рақамли 13.00.04 – Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича Илмий кенгаш фаолияти янги таркибда йўлга қўйилди. Мазкур Кенгашда 2022 йилда 51 нафар (улардан 5 нафари фан докторлик DSc) диссертация ишларини ҳимоя қилинган бўлса, 2023 йилда 43 нафар изланувчилар (улардан 8 нафари фан докторлик DSc, 35 нафари PhD) диссертация ишларини ҳимоя қилишди. 2023 йил давомида университетда фаолият олиб борган профессор-ўқитувчиларнинг 3 нафари профессор ҳамда 27 нафарига доцент илмий унвонларига сазовор бўлди. Шунингдек, 2023 йилда илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўйича 4 та ихтисосликда 14 нафар докторант, 58 нафар мустақил изланувчилар илмий фаолияти йўлга қўйилди. Энг муҳими, 283 нафар иқтидорли талабалар илмий тадқиқот ишларига жалб этилди. Бунинг натижаси ўлароқ, 2023-2024 ўқув йили бўйича жами 14 нафар талабалар (шундан 3 нафар Нукус филиали талабаси) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номдор стипендиялар соҳиби бўлишди. Тарихда илк бор Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинди ва 1 нафар талабамиз мазкур стипендияга сазовор бўлди. 2023 йил ҳисобида профессор-ўқитувчилари томонидан илмий-амалий журналларда 320 та илмий мақола ҳамда Scopus, Wеb of Science халқаро илмий- техник базасига кирган илмий журналларда 9 та мақола чоп этилди. Сўнгги 2 йилда 125 нафар профессор-ўқитувчи томонидан чоп этилган материалларга 5450 дан ортиқ иқтибослар берилди. Республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманларни ташкил этиш ишларини янада фаоллаштириш бўйича 2023 йилнинг ўзида 12 та илмий анжуман (6 та халқаро ва 6 та республика миқёсида) ташкил қилинди.
Бугунги кунда университет ERASMUS+ халқаро грант лойиҳаларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шу ишлар доирасида 60 минг евро миқдорида “Масофавий спорт таълимини ташкил этиш” ҳамда 110.7 минг евро миқдорида “Спортни оммалаштириш, спорт таълимини юксалтириш ва спортчиларни тайёрлаш” мавзулари бўйича 2 та халқаро лойиҳа амалга оширилмоқда. 2022-2023 ўқув йилларида Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 10 та инновацион лойиҳа ишлари амалга оширилиб, илмий ишланмалар учун 2 та патент, 17 та муаллифлик гувоҳномаси олинди.
THE агентлигининг World University Rangkings-2024 рейтинг натижаларига кўра университет “reporter” мақомига эга бўлди. UI Green Metric агентлигининг 2023 йил рейтинг натижалари бўйича университет топ-1000 (941) ўрин эгаллади.
Университет талаба, магистрант ва докторантлари 2023 йилда Қирғизистон Республикасида “Университетлар Халқаро ассоциацияси” томонидан ташкил қилинган ХII Халқаро ёш олимлар ва талабалар илмий анжуманида “Энг яхши ёш олим”, “Энг яхши магистрант”, “Энг яхши талаба” номинациялари бўйича ғолибликни кўлга киритишган.
Спорт таълим муассасалари ўқувчилари учун илк бор “IMPULSE SCIENCE-2023” ёзги мактаби ташкил қилинди. Тадбирга ҳудудий Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг спортчи-ўқувчилари, мураббий ҳамда университетнинг иқтидорли талабалари жалб қилинди.
“Қишки спорт турларида спортчиларнинг ҳаракат тайёргарлигини назорат қилиш ва баҳолаш учун 3D вебпорталини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида Спортчиларнинг ҳаракат тайёргарлигини назорат қилиш ва баҳолашга асосланган бутун тана биомеханик таҳлили илмий лабораторияси ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, мамлакат аҳолиси ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом фикрга эга бўлган ёшларни тарбиялаш, барча аҳоли қатлами учун спорт-соғломлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш борасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети олдида бир қатор муҳим вазифалар мавжуд:
–2023-2024 ўқув йилидан бошлаб университет ва унинг филиалларида ўқув машғулотлари ҳамда маҳорат дарсларини ўтказиш, илғор хориж тажрибасини пухта-пишиқ ўзлаштириш мақсадида Германиядаги Кёлн университетининг 2 нафар профессори Георгий Коребейников ҳамда Леся Корабейниковалар билан бир йиллик меҳнат шартномаси асосида дарс жараёнлари ва илмий тадқиқот ишларига жалб қилиш;
–“Менежмент (жисмоний тарбия ва спорт менежменти)” ва “Маркетинг” бакалавриат таълим йўналишлари битирувчи талабаларининг амалиёти яшаш ҳудудидаги маҳаллаларда Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ белгиланган тегишли спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақаларини ташкил қилиш орқали амалга ошириш;
–иқтидорли талабаларнинг битирув олди амалиёти миллий терма жамоаларнинг хорижда ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда халқаро мусобақалар жараёнига жалб этиш орқали ташкил этиш;
–талабаларнинг ўзлаштирган билими, малака ва кўникмаларини амалиётда қўллаш даражасидан келиб чиқиб, иқтидорли битирувчиларга спорт бўйича ҳакам ҳамда иккинчи тоифали тренер малака тоифасини белгиловчи гувоҳнома беришни жорий этиш.
Бу вазифаларни амалга ошириш катта куч, улкан салоҳият ва меҳнат талаб қилади, албатта. Биз биргаликда, жипсликда ҳаракат қилсак куч ҳам, салоҳият ҳам, имконият ҳам топилади.
Баҳром МУСАЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия
ва спорт университети Илмий ва инновациялар бўйича проректори
ЎзА